Кеча Тошкентда Бутунжаҳон бокс кенгашининг (WBC) 61-конвенцияси ўз ишини бошлади.
“Hilton” меҳмонхонасида ўтган очилиш маросимида (WBC) президенти Маурисио Сулаймон, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси васийлик кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, ОАВ ва жаҳон бокси юлдузлари иштирок этишди.
Даставвал Ачилбай Раматов сўз олиб, мамлакатимизда Президентимиз томонидан соғлом турмуш тарзи, хусусан, спортга қаратилаётган улкан эътибор хусусида тўхталиб ўтди. Боксчиларимизнинг халқаро майдонда қайд этаётган улкан ютуқларини алоҳида эътироф этди ва тадбирни расман очиқ деб эълон қилди. Ўз ўрнида, Маурисио Сулаймон мамлакатимиз ушбу йирик спорт тадбирига юқори савияда ҳозирлик кўргани, профессионал боксчиларимизнинг жаҳон рингларида йирик ғалабаларга эришиб бораётгани ҳақида гапириб ўтди.
Тадбирда (WBC) президенти А.Раматов ва Ғ.Раҳимовга узоқ йиллик ҳамкорлик ва мазкур конвенцияни юқори савияда ташкил этишдаги ёрдами учун ташкилотнинг эсдалик совғаларини тақдим қилди. Шунингдек, ўзбек боксининг юлдузларига ҳам махсус медаллар топширилди.
Тошкентдаги конвенцияда (WBC) ташкилотининг 60 йиллик юбилей тантаналари ҳам нишонланади. Бугунги тадбирда Эвандер Холифилд, Хулио Сезар Чавес, Костя Сзю, Амир Хан, Александр Усик ва бошқа бокс юлдузларининг иштирок этишгани унга бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлди. 17-ноябргача ўтадиган (WBC) конвенцияси доирасидаги бошқа тадбирлар давомида Майк Тайсон, Тайсон Фюри, Василий Ломаченко каби бокс оламининг буюк афсоналари ҳам Тошкентга ташриф буюради.
Тошкентдаги (WBC) 61-конвенсияси кун тартибидан таълим, допинг, ҳакамлик, халқаро муносабатлар, бокс қоидаларига киритилган ўзгаришлар, рейтинглар, чемпионлик камарлари, хайрия ва жамоат ташаббуслари каби бир нечта масалалар бўйича йиғишлар ўрин олган. Маросимнинг сўнгги куни яъни 17-ноябрда Тошкентдаги муҳташам “Ҳумо Арена”да катта профессионал бокс кечаси бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг ЛИФТ промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилаётган оқшомнинг марказий жанги супероғир вазн тоифасида ўтказилиб, унда ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов ЖАР вакили Крис Томпсонга қарши рингга кўтарилади. Шунингдек, ушбу турнирда Абдумалик Ҳалаков, Миразизбек Мирзахалилов, Мужибилло Турсунов, Қудратилло Абдуқаҳҳоров сингари таниқли чарм қўлқоп усталаримиз ҳам рингга чиқади.
gujum.uz