Кавказ тоғларида Ўзбекистон туркумидан: иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари “Кисловодск” миллий паркида

0
246
марта кўрилган.

Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Кавказдаги Ўзбекистон санаторийсида иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларидан бир гуруҳи дам олаётгани  ҳақида аввал хабар берган эдик. “Ўзбекистон” санаторийси маъмурияти улар учун “Кисловодск” миллий паркига саёҳат уюштирди.

Урушдан кейин ташкил бунёд этилган миллий паркнинг инсон қўли, қалб қўри билан яратилган энг хушманзара жойи атргуллар водийсида  юртимиз фахрийлари машинадан тушиб дам олишди. Икки гектар адрнинг шахмат шаклидаги майдончаларига ўттиздан ортиқ турдаги атргуллар  экилган бўлиб, хушбўй ифоридан ором олиб, хуш манзара жойларни кезиб, ўзаро суҳбат қуришди.  Ушбу гуруҳнинг энг ёши улуғи 99 ёшли Усмон бобо Доноев шундай дейди: Фронтга беш ака-ука кетганмиз. Учала акам урушда ҳалок бўлган. Мен жангларда оғир ярадор бўлиб беш ой ушбу Кавказ тоғларида даволанганман. Аввало Чеченда, Грозьнийда уч ой даволашди, Кавказга ҳужум бошлангандан кейин Озарбайжонга, Қорабоққа кўчиришди. Беш ойдан кейин икки таёққа суяниб юртга қайтдим. Шу икки таёқ бир умр йўлдошим бўлди. Ўзим ярадор бўлиб, ўлим билан ҳаёт ўртасида олишган жойларимга қайтиб келаман деб ўйламагандим.  Бироқ, шу ерларни қайта кўришни орзу қилардим. Насиб айлаган экан, ҳукуматимизнинг ғамхўрлиги туфайли Қарши маданият техникумида қирқ етти йил ишлаб нафақага чиққан ўғлим Ислом Доноев билан келиб дам олаётганим, тенгдошларим билан мириқиб суҳбатлашаётганимни катта омад ва бахт деб биламан. Бизга шундай имкониятлар яратган мамлакатимиз Президентига ва тинимсиз хабар олиб турган муносиб хизмат кўрсатаётган оромгоҳнинг маъмуриятига ўз миннатдорчилигимни билдираман” 

– Усмон бобо, улуғ, қутлуғ ёшдасиз, уруш бошланганда мен беш-олти ёшли қизча эдим. Уруш даҳшатларини фронт орқасида ўз кўзим билан кўриб, жажи қалб билан унинг азобларини ҳис қилганман. Узоқ умр кўриш сирлари нимада деб ўйлайсиз сўрайди,– саксон уч ёшни қаршилаётган, юзидан нур ёғилиб турган олима, иқтисод фанлари номзоди Сабохон ая Рахимова.

– Сиздек оқила синглим бор эди. Эрта ўлиб кетди. Урушдан қайтгач унинг сағирини уйга олиб келдим. Урушда ҳалок бўлган акамнинг  фарзандини ҳам ўзим боқиб тарбияладим. Ўзимнинг етти фарзандим билан тенг кўриб улғайтириб, барчасини олий маълумотли қилиб, ҳаётга йўлладим. Оғир йиллар эдида турмуш ўртоғим ака-опангизни болаларини қўйинг дейиши мумкин эди. У мени қўллаб қувватлади, қарамоғимга олган жиянларимни ўзининг фарзандидек кўриб, таълим-тарбия беришда кўмаклашди.  Мен бу самимий муносабатларни кўрганимда хурсанд бўлардим, оиламдан кўнглим тўлиб, кўкрагимни, қаддимни кўтарардим. Узоқ умр кўришнинг сабаби атрофингдаги яқинларингга меҳрибонликда, аҳилликда, бағрикенгликда, деб биламан.

Сизнинг ҳам Оллоҳга ёққан жойингиз бўлса керак мана шу ёшингизда  Кавказ тоғларида дам олаяпсиз. Қизингизнинг овсини атрофингизда гирдикапалак. Меҳрибон одамларни Оллоҳ севгувчи, чунки ўзи меҳрибондир.

– Мен ҳам бир савол берсам. Ҳассага суяниб урушдан қайтган одамсиз, фронтдан келгач нима иш билан шуғулландингиз? Сўрайди Сабохон аянинг ёнида суҳбатларни жимгина тинглаб ўтирган Сайёрахон.

– Ўша пайтлар Ўзбекистон ҳам иккинчи фронт эди. Мутахассислар етишмасди. Мени Қаршидаги уч ойлик ҳисобчилик курсига йўллашди. Шу-шу бир умр ҳисобчи бўлиб ишладим. Уруш тугагач Шаҳрисабзда бир ярим йиллик малака ошириш курсида ҳам ўқидим. Етмиш саккиз ёшимда нафақага чиқдим.

Ҳозир бир миллион атрофида нафақа оламан. Бир юз уч нафар невара, чевара, дувараларим қуршовида даруломон кунларни кўриб, ҳаётдан мамнун яшаяпман. Мамлакатимиз Президенти совға қилган тилла соатни тақиб юрибман. Ҳар сафар кўзим тушганида кўнглим кўтарилади. Оллоҳим у кишини ҳам бизнинг ёшимизга етказсин. Шундай фарзандни боқиб-тарбиялаган ота- онасига раҳматлар айтаман. Оиламизга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган энг катта автомашина “Каптива”ни ҳам навбатдан ташқари бердилар. Ҳукуматимизни ва фарзандларимнинг иззат-ҳурматида қарилик гаштини суриб юришимиз юртимиз тинчлиги, болаларимизнинг  соғ-саломатлиги, элимизнинг қут-баракалигидан деб биламан. Оллоҳим доруломон замонлардан айирмасин ҳар биримизни, дея алқайман.

Шунингдек  оромгоҳ маъмурияти яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити муносабати билан юртимиз қарияларига алоҳида дастурхон безаб ош билан меҳмон қилди.

Умри давомида юрт, эл юкини елкасида юклаган, оғир дамларда ҳам ўзини, ўзлигини асраб намунали ҳаёт кечирган боболарни, момоларни биз ҳам яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити билан қутлаймиз.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.