Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга

0
78
марта кўрилган.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китобининг тақдимотида Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов,   Эркин Воҳидовнинг ўғли Хуршид Воҳидов, шоирнинг шогирди сифатида, шоир Рустам Мирвоҳид, тадқиқотчи олима Нигора Умарова иштирок этди.

Ўзбекистон кунининг очилиш тантанасида Ўзбекистон ва Озарбайжон адабий дўстлиги ҳақида гапириб, ушбу янги шеъримни тақдим этдим.

Салом сенга

Олислардан меҳринг туйиб келганим бор,
Низомийнинг юрти дея такрор-такрор,
Навоийнинг эҳтиромин кўрган диёр,
Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга,
Озарбайжон, Хоразмдан салом сенга.

Шеър ҳалвосин энг тотлисин сендан тотиб,
Фузулийнинг девони- ла тонг уйғотиб,
Келдим,  соғинч пайконлари дилга ботиб,
Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга, 
Озарбайжон,  Хоразмдан салом сенга.

Бунда ишқнинг пок манзари қадимий деб,
Руҳимга ҳам алёрлари надимий деб,
Ҳақ раҳматин кўзгуси ул Насимий деб,
Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга, 
Озарбайжон,  Хоразмдан салом сенга.

Ҳайрон хоним ғазалларин дарёсидан,
Хуршидбону тахайюли дунёсидан,
Афсунланиб келдим сўзнинг кимёсидан,
Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга, 
Озарбайжон,  Хоразмдан салом сенга.

Мушфиқ ғами кўзларимни нам этганча,
Бунёдзода ёди бошни хам этганча,
Келдим,  Ромиз Равшан фикрим жам этганча,
Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга, 
Озарбайжон,  Хоразмдан салом сенга.

Ганирадек шер қизларнинг онасисан,
Сўнмас,  мангу юлдузларнинг онасисан,
Жонга туташ илдизларнинг онасисан,
Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга, 
Озарбайжон,  Хоразмдан салом сенга.

Минг йиллардан бир тан,  бир жон бўлган элмиз,
Туркий бўстон ичра хандон икки гулмиз.
Мангу дўстлик манзилига туташ йўлмиз,
Озарбайжон,  ўзбегимдан салом сенга, 
Озарбайжон,  Хоразмдан салом сенга.

Шоира Шамс. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Хоразм вилояти бўлими мутахассиси

Сувратда: Шоира Шамс ўзбек халқининг севимли шоири  Мақсуд Шайхзоданинг невараси Гулшан хоним билан

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.