Хоразм воҳасида Ленинза Аскаровани жуда яхши билишади. Опа саксондан ошган бўлсалар-да, ёшлардек ғайрат-шижоат билан ҳамон меҳнат киладилар. Билишадики, эл-юрт ташвиши, қувончига бир умр камарбаста бўлиб келаётгаи бу фариштали аёл ўзига хос кун тартибига қатъий амал қилиб яшайди. Мен у кишини оқар дарёга ўхшатаман. Сув бор жойда ҳаёт бор, яшиллик бор, ободлик ва поклик бор…
– Ленинза опа, сиз билан бир суҳбатлашган киши бу қадар ёш кўринишингиз, ўзингизни доимо тетик тутишингиз сирларини билишга қизиқиши табиий. Биз ҳам бугун бу фикрдан узоқда эмасмиз.
– Ҳар бир аёл чиройли, ёш, соғлом бўлишни истайди. Қирқ ёшгача иш, ташвиш билан овора бўлиб, соғлигим ҳақида қайғурмабман. Натижада қаттиқ бетоб бўлиб қолдим ва хўжайиним билан даволанишга санаторияга бордик. Бирваракайига ҳам даволаниб, ҳам зарур муолажаларни олишни режалаштирдик. Дўхтир обдон текширувдан ўтказди, ёшимизга мос бўлмаган семизликни йўқотиш зарурлигини ва бунинг учун ҳар куни югуриш, чўмилиш, сузиш лозимлигини айтди. Шундагина касалликларни енгиш осон бўлишини тушунтирди. Дўхтир айтганидек қилдик. Жисмоний машқларни эртаси куниёқ бошлаб юбордик. Ҳар куни эрталаб соат бешда туриб, уч километр югуриш, сўнгра ярим соатча сувда сузишни одат қилдик. Югуришни дастлаб енгилгина жисмоний машқлардан бошладик. Дастлабки бир ҳафта анча оғир ўтди, кейин аста-секин кўника бошладик. Эримнинг ҳам аҳди қатъий эди. Бу бизга катта куч бўлди. Қисқа вақт ичида ўзимиз ҳам кутмаган натижаларга эришдик. Шу тариқа ҳам даволаниб, ҳам муолажалар олиб, эрталабки спорт ёрдамида семизлик балосидан аста-секин халос бўла бошладик. Мана, орадан ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди, биз эрталаб югуриш, сувда сузиш машқларини канда қилмаяпмиз.
Урганч шаҳрининг қоқ ўртасидан Шовот канали оқиб ўтади. У бизнинг уйимиздан уч километр узоқликда жойлашган. Каналгача югуриб, бироз танамизни совутиб сузишни бошлаймиз. Деярлик бир километр оқимга қарши сузиш қиламиз. Ҳаммаси бўлиб 12-13 километр югурамиз.
– Атрофдаги одамлар сизнинг, айниқса аёл кишининг югуриши ва сувда чўмилишига қандай қарашади? Бизнинг маҳаллий аҳоли ҳали спорт оммавийлашмаган даврда бошланган ишингизга қандай муносабатда бўлишган?
– Тўғри, дастлабки йиллари спорт кийимларини кийиб кўчага чиққанимизда ҳамма анграйиб қолар эди. Ҳатто аёллар ҳам мени кўриб ажабланишарди. Биз эрим билан ҳеч қандай гaп-сўзга эътибор бермадик. Ҳали тонг ёришмасидан, хўроз қичқирмасдан уйғониб, югуриш, сузишни давом эттиравердик. Бора-бора одамлар ҳам кўникиб кетишди. Бизга ҳозир ҳеч ким эътибор бермай қўйди. “Ҳа, ўзимизнинг Ленинза oпa-ку”, деб қўя қолишади.
– Билишимча, спорт оилавий анъанага айланган. Сизга шаҳарда яна кимлар эргашяпти?
– Энг аввало қизларим, невараларим мени қўллаб-қувватлашди. Ҳозир ҳаммамиз баравар югурамиз. Спорт – ҳаётимизнинг мазмунига айланган. Бу бизга куч-қувват бағишлайди. Дугоналарим, қўшнилар ўзларини синаб кўришди. Ҳозир улар ҳам спортнинг нақадар фойдали эканлигини тушунишяпти.
– Изғирин, совуқда, канал музлаган кунлари нима қиласизлар?
– Шовот канали ҳамиша оқиб тургани учун у ҳеч қачон музламайди. Биз жуда қаттиқ совуқда ҳам чўмилаверамиз. Танамизни шунга чиниқтирганмиз. Бу бизга куч, ирода бағишлайди, бардошли бўлишга ёрдам беради.
– Қиш кунлари чўмилганда шамоллаб қолиш ҳоллари бўлганми ҳеч?
– Ҳа, энди тирик жон. Баъзан невараларим шамоллаб қолишган вақтлари бўлади. Лекин машғулотни тўхтатмаймиз, шамоллашлар эса тезда ўтиб кетади. Ҳозир невараларимиз биздан олдин уйғонишиб, “стартга” шай туришади. Мен эрталабки бомдод намозини ўқиб бўлгунимча интиқлик билан кутишади. Худога шукур, улар соғ-саломат, бақувват, кучли бўлиб вояга етишяпти. Ўзим эса чарчаш, толиқиш, ҳолсизлик нималигини билмайман. Ўзимни ҳамиша соғлом, ёшлардек ҳис қиламан.
– Ҳар куни эрталаб спорт билан шуғулланишга неча соат сарфлайсиз?
– Ҳаммаси бўлиб икки соат етади. Жисмоний машқлар, сўнгра югуриш, сузиш ва яна югуриш учун ана шу вақт кифоя. Соат 7 да уйда бўламиз.
– Эрталабки нонуштада, тушлик ва кечки овқатга нималар тановул қиласиз?
– Нонуштага турли салатлар, шарбат тайёрлайман. Тухум, творогли аралашма, нон албатта бўлади. Салатларни кечқурун тайёрлаб, музлатгичга солиб қўяман. Ҳар куни кечқурун ухлашдан олдин бир стакан қатиқ ичиб ётаман. Бу ошқозон, ичак фаолияти учун жуда фойдали. Нонуштада яхшилаб овқатланамиз. Тушликка суюқ овқат ва салатлар ейман. Кечқурунги овқатга эса мева ва сабзовот ёки салатлар билан кифояланаман, нон емайман. Кечки овқатда ҳеч қачон ёғли, гўштли овқатларни тановул қилмайман.
– Ленинза опа, тиниқ ва беажин юзингизга караган кишининг хаваси келади. Сир бўлмаса, бунга қандай эришгансиз. Юзингизга қандай оро берасиз?
– Юзимга ҳар куни эринмасдан ярим соатча қатиқли маска(ниқоб) қиламан. Бунинг учун қатиққа тухумнинг оқи, озгина кунгабоқар ёғи, асал ва кашнич ўтини майда-майда тўғраб, обдон аралаштираман. Бир марта тайёрлаган аралашма 3-4 кунга етади. Ҳар куни кечқурун тўйинтирувчи юмшоқ кремлар ёрдамида юзимни ўн дақиқа енгил массаж қиламан. Баъзан маскаларимни олмали, бодрингли қилиб алмаштириб тураман.
– Ленинза опа, жамоатчилик асосидаги фаолиятингиз катта таҳсинларга лойиқ. Иш, жисмоний машқлар булар бари сизни чарчатиб қўймаяптими?
– Йўқ, қизим, аксинча. Мен ишдан ҳечам чарчамаганман. Ўз ишимни жуда-жуда яхши кўраман. Биздан меҳр-шафқат сўраб келган ҳар бир киши учун эшигимиз доимо очиқ. Баҳоли қудрат ёрдам бераяпмиз.
Баъзилар “вақт топа олмадим, улгурмадим”, деган гапларни кўп ишлатишади. Оллоҳ ҳамма ишни уддалаши учун инсонга кунига 24 соат берган, агар унинг 7-8 соати ухлаш учун сарфланса, қолган 16-17 соатда кўп ишларни амалга ошириш мумкин. Бунинг учун ўткир ҳафсала, кучли истак-хоҳишни қарор топтириш лозим. Жисмоний машқлар билан шуғулланган ҳар қандай инсон юксак ирода, куч-қувват, ақл-идрок соҳибига айланади.
– Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат! Ҳеч қачон қариманг!
Ленинза Асқарова билан суҳбатимиздан сўнг мен ҳам кундалик режамни пухта ишлаб чиқдим. Тонг саҳардан югуриш, сузишни бошладим. Муҳими, ўзимни жуда тетик, соғлом ва гўзал ҳис қиляпман. Ҳамма ишга улгураяпман. Дастлабки бир ҳафта қийинчиликлар билан ўтса-да, орқага чекинишга йўл йўқ. Бутун куч ва иродамни сарфлаб бўлса-да шунга эришаяпман. Опанинг шахсий ибрати ҳаётимда катта ўзгариш ясади. Энди спортсиз мен ҳам яшай олмайман. Спорт оиламизнинг анъанасига айланди. Болаларимни ҳам спортга жалб қила олганимдан бахтиёрман.
Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист.