Ислом Каримов номидаги хиёбон ва унинг ҳайкали очилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, нуронийлар, ёзувчи-шоирлар, илм-фан ва санъат намояндалари, Россия давлат идоралари, икки мамлакат кенг жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Ислом Каримов сиймоси Самарқанддаги Регистон мажмуаси фонида қад ростлаган. Ушбу лойиҳа британиялик таниқли ҳайкалтарош Пол Дэй ғоясидир. Ҳайкалда кучли ирода соҳиби, доно давлат арбоби ва халқпарвар сиёсатчи сиймоси гавдаланган.
Маросимда сўзга чиққанлар Ислом Каримов раҳбарлиги даврида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб, унинг беқиёс хизматлари туфайли Ўзбекистоннинг дунё миқёсида нуфузи ошгани, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалганини таъкидлади.
Бугун Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ана шу ислоҳотлар қамрови ва таъсирчанлигини янада ошириш йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Ислом Каримов номидаги хиёбон ва ҳайкалнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи арафасида очилишида ҳам чуқур рамзий маъно бор.
Владимир Путин мустақил Ўзбекистон асосчиси, буюк давлат ва жамоат арбоби Ислом Каримов билан яқин шахсий дўстона муносабатда бўлган.
2004 йил 16 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда 2012 йил 4 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация ҳам ана шу самимий дўстлик руҳини ўзида акс эттиради.
Владимир Путин ва Россия халқи Ислом Каримовни Ўзбекистон тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган, энг мураккаб пайтларда тинчлик ва барқарорликни таъминлаган шахс сифатида хотирлайди. Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қаратилган, тинчликпарварлик, бағрикенглик ва тотувлик, ўзаро тенг манфаатдорликка асосланган оқилона сиёсати ҳақли равишда юксак даражада эътироф этилади.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар янги поғонага кўтарилиб, кенг кўламда ривожланмоқда. Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида илк бор Таълим форуми ва «Ўзбекистон-Россия» ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилади, шунингдек, мамлакатимизда атом электр станцияси қурилиши бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтади.
Москвада Биринчи Президентимиз номидаги хиёбон ва ҳайкалнинг очилиши Ислом Каримов хотирасига ҳурмат-эҳтиром рамзи бўлиб, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганидан далолат беради.