Мун Чжэ Ин: Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги эрасига қадам қўймоқда

0
85
марта кўрилган.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин тор ва кенг доирада музокара ўтказди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, бу узоқ кутилган ва муҳим ташриф эканини таъкидлади.

– Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли ва устувор шериги. Мен 2017 йилги учрашувимизни мамнуният билан эслайман. Музокараларимиз самимий ва конструктив руҳда ўтган, салмоқли ҳужжатлар имзоланган эди. Бу кейинги йиллардаги ҳамкорлик ривожига асос бўлди. Сизнинг ушбу ташрифингиз давлатлараро муносабатларимизга янги импульс беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корея Республикаси Президенти Ўзбекистонга таклиф учун миннатдорлик билдирди.

– Ўзбекистон қадимий ва бой тарихга эга, Буюк ипак йўлининг маркази бўлган ўлка. Бугунги кунда мамлакатингиз ўз тараққиётининг янги эрасига қадам қўймоқда. Ўзбекистонни Жанубий Кореянинг савдо ва инвестициявий алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган “Янги шимолий сиёсат”ида муҳим ўрин тутувчи шерик деб биламиз. Сизнинг Сеулга ташрифингиз чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштиришга эришгандик. Бу сафар уни алоҳида стратегик даражасига кўтариш ниятидамиз, – деди Мун Чжэ Ин.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро манфаатли йўналишларни топиш, “соатларни солиштириб олиш” мақсадида сиёсий мулоқот ва маслаҳатлашувларни фаол давом эттириш бўйича якдил фикр билдирилди. 

Икки мамлакат ҳамкорлиги, халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди. 

Савдо-иқтисодий алоқалардаги ўсиш суръатлари ижобий баҳоланиб, уни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги қайд этилди. Шу мақсадда ҳуқуқий ва институционал инфратузилмани такомиллаштириш, турли даражадаги ташрифлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг минтақада яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, Орол фожиаси оқибатларини камайтириш, Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўзбекистон Корея Республикасининг Корея ярим оролида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тинчликсевар сиёсатини маъқуллайди.

Кенг доирадаги музокараларда асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги деярли барча жабҳаларни қамраб олган. Савдо соҳасида энг кўп қулайлик тартиби ўрнатилган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йил 4 мартда Тошкентда унинг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди. 2018 йилда иқтисодий масалалар бўйича Бош вазир ўринбосарлари мажлиси формати ҳам йўлга қўйилди. 

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард доллардан ошиб, кейинги йиллардаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди. 

Мамлакатимизда кореялик инвесторлар иштирокида тузилган 660 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 354 таси юз фоиз хорижий сармоя ҳисобидан ташкил қилинган. 

Жанубий Корея томони Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлади. Бу мамлакатимизга инвестициялар ва юқори технологиялар келишини кўпайтириб, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, доимий иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон энергетика, нефть-газ, кимё, кончилик, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, машинасозлик, электр техникаси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, инфратузилмани ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини қайд этди. Жанубий Корея компаниялари мамлакатимизда ўзларини эркин ва қулай ҳис қилишлари учун ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади.

Музокарада мазкур соҳалардаги янги имкониятлар, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида корхоналар ташкил этиш, “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш, инновацион ва ижтимоий соҳалар бўйича кадрлар тайёрлашни давом эттиришга келишиб олинди.  

Гуманитар соҳа Ўзбекистон ва Жанубий Корея алоқаларининг яна бир муҳим, комплекс йўналишидир. Бугунги кунда ахборот технологиялари, рақамли тиббиёт, таълим, маданият соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Мамлакатимизнинг мактабгача таълим тизимига Корея тажрибаси кенг жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мазкур соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Жанубий Корея Президенти илғор тажрибалардан фойдаланиш ва кадрлар малакасини оширишга ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.  

Президент Мун Чжэ Ин Президент Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Жанубий Кореяга ташриф билан боришга таклиф этди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.