21 март куни “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз шодиёнаси бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Боғ ҳудуди байрам шукуҳига бурканган. Наврўз билан боғлиқ анъаналар намойиши, миллий маданий марказлар кўргазмалари ташкил этилган.
Байрам тадбирига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, халқимизни самимий табриклади.
– Бугун бепоён Ватанимизнинг воҳа ва водийлари, шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида эл-юртимиз катта шоду хуррамлик билан Наврўз сайилларини ўтказмоқда. Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда кексаю ёш жамики юртдошларимизни чин дилдан қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, Наврўз – шарқона янги йил, табиатнинг янгиланиш палласи. Бу фалсафа ва қадриятлар Янги Ўзбекистон ғояси билан уйғундек гўё. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар ҳар томонлама ривожлантирилмоқда, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортга катта эътибор қаратилмоқда.
– Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуойи фотиҳаларидан куч-қувват оламиз. Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари Ватан равнақи йўлида муносиб хизмат қилаётган барчага ташаккур изҳор этди. Келгуси ойда ўтадиган муҳим сиёсий тадбирда фуқаролар юксак сиёсий тафаккур ва маданиятини намоён этишига ишонч билдирди.
Деҳқон ва фермерлар, спортчилар, ёшларнинг ютуқлари ёдга олинди.
Халқимизга хос савобли амалларни фақат Наврўз айёмида эмас, балки ҳар куни адо этиш лозимлиги таъкидланди.
– Бугун биз барпо этаётган ижтимоий ва халқпарвар давлатда меҳр-шафқат, саховат ва ҳиммат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур. Токи азалдан “одамийлик диёри” деб шуҳрат қозонган Ватанимизда ҳар бир инсон халқимиз ва давлатимизнинг меҳри ва эътиборини тўла ҳис қилиб яшасин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини яқинлашиб келаётган Рамазон ойи билан ҳам муборакбод этди.
Хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, уларнинг мамлакатлари ва халқларига ҳам эзгу тилаклар йўлланди.
Байрам катта концерт дастури билан давом этди. Фальклор-этнографик жамоалар ва санъаткорларнинг чиқишлари, миллий ўйин ва аскиялар барчага завқ-шавқ улашди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, парламент ва ҳукумат аъзолари, турли ҳудудлардан меҳмонлар, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тантанадан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев миллий маданият марказлари ва халқ амалий санъати кўргазмаларини кузатди. Байрамга келган одамлар билан суҳбатлашиб, уларни табриклади.