Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Таълим ташкилотларида таҳсил олиш истагидаги хотин-қизлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон фармонига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг янги тизими жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки:
тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада ажратади;
таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;
таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади;
таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларининг сўровларига асосан келгусида 14 фоиз ставкада таълим кредити ажратиш учун уларга 10 фоиз ставкада депозит маблағлари жойлаштирилади;
Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун тижорат банкларига зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида Жамғармага 1 та Мактабгача таълим вазирлиги штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ва 1 та Молия вазирлигининг умумий штат бирликлари доирасида жами 2 та штат бирлиги ажратилади.
3. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
4. Молия вазирлиги Жамғармага 2022 йилда маблағларнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратилишини, 2023 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ