Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида таэквондо WTF бўйича Осиё чемпионати якунига етди. Ушбу қитъа биринчилигида ўзбекистонлик спортчилар умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгалладилар.
Юртимизга Осиё чемпионати совриндорларининг уч нафари – Ниёз Пўлатов, Мадина Маннопова ва Сардор Тоировлар қайтиб келишди. Терма жамоанинг қолган етакчи спортчилари эса 1-3 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Гран-При турнирида иштирок этиш учун Италияга жўнаб кетишди.
«Катталар ўртасидаги Осиё чемпионатидан қайтиб келдик. Ушбу мусобақада бронза медалини қўлга киритдим. Баҳсларда ҳиндистонлик вахитойлик рақибларни мағлубиятга учратдим. Финал йўлланмаси учун кечган жангда эса вьетнамлик спортчига кичик ҳисобда ютқазиб қўйдим. Бу мен учун катта мактаб ва сабоқ бўлди. Бизга жаҳон майдонларидаги беллашувларда қатнашишга имконият яратаётган юртимга, устозларимга миннатдорчилик билдираман», – деди мусобақанинг бронза медали совридори Мадина Маннопова.
Жавлон САЪДУЛЛАЕВ