Тошкент шаҳридаги “ГРАНД НУР” меҳмонхонаси Конфереция залида “УМРБОҚИЙ МЕРОС” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази томонидан тайёрланиб нашр этилган “Ўзбекистон номоддий маданий мероси”номли китоб-атласнинг тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирдан кўзланган мақсад: янги чоп этилган “Ўзбекистон номоддий маданий мероси” китоб-атласи ва унинг мазмун-моҳияти билан оммани таништириш, НММнинг Ўзбекистондаги ҳозирги ҳолатини кўрсатиб бериш, НММ нинг ижрочилик санъати, жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари,табиат ва коинот билан боғлиқ билим ва кўникмалар (пазандачилик), ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар йўналишлари бўйича Республикасизда фаолият юритаётган сақловчилар, етказувчиларни ёритиш баробарида уларнинг халқаро даражада хабардорлигини оширишда хизмат қилишини кўрсатиб беришдан, шу билан бир қаторда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ижтимоий шерикчиликни кучайтиришдан иборат.
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази “Ўзбекистон номоддий маданий мерос элементларини инвентаризация қилиш, маълумотлар базасини яратиш, ҳужжатлаштириш ҳамда миллий ва халқаро даражада хабардорлигини ошириш” йўналиши бўйича эълон қилинган танловда ғолиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмасига асосан “Ўзбекистон номоддий маданий мерос элементларини муҳофаза қилиш” мавзуидаги давлат ижтимоий буюртма лойиҳасини амалга оширди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларни қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан молиялаштирилди.
Номоддий маданий мероснинг Ижрочилик санъати, жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари, табиат ва коинот билан ҳамда ҳунармандчилик билан боғлиқ билим ва кўникмалар йўналишлари бўйича Ўзбекистон бўйлаб номоддий маданий мерос элементларининг бугунги ҳолатини ўрганиш, НММлар маълумотлар базасини янгилаш мақсадида республиканинг 14 та ҳудудини қамраб олган уч босқичли экспедицияларда шаҳар ва қишлоқларда номоддий маданий меросни сақловчилар, етказувчилар билан учрашиб, улар фаолияти яқиндан ўрганилди ҳамда фото, аудио, видео тасмаларга тасвирга олинди. Матнли маълумотлар тайёрланди. Улар асосида “Ўзбекистон номоддий маданий мероси” китоб-атласи тайёрланиб нашр этилди.
Унда Ўзбекистонда “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш Конвенцияси”нинг имплементацияси, ЮНЕСКОнинг “Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган номоддий маданий мерос дурдоналари тўғрисидаги маълумотлар, “Умрбоқий мерос” тарғибот маркази томонидан ўтказилган экспедиция жараёнида ўрганилган номоддий маданий мерос элементлари, уларни сақловчилар, етказувчилар тўғрисидаги матнли ва фото маълумотлар ўрин олган. Китобнинг яна бир аҳамиятли томони шундан иборатки, китоб охирида қўйилган куар код орқали уқувчилар “Умрбоқий мерос” тарғибот маркази YouTube каналига кириб, экспедиция жараёнида ёзиб олинган видео лавҳаларни томоша қилишлари мумкин. Ушбу китоб-атлас Тошкент шаҳридаги “ART VERNISSAGE” нашриётида нашр қилинди.
Ушбу ижтимоий буюртма лойиҳаси натижасида Ўзбекистон номоддий маданий меросига тегишли 1000 дан зиёд фотолар, 194 та видеолавҳалар, 107 та аудио ёзувлар, 15 та видеороликлар тайёрланиб Марказнинг Веб-саҳифасида, YouTube ва Телеграм каналлари, Фейсбук саҳифаларида эълон қилинди. Туркия давлатининг hamaset.com.tr ахборот сайтида ҳамда миллий ва хорижий ОАВларида 20 дан ортиқ мақолалар, 10 га яқин телекўрсатувлар орқали кенг тарғиб қилинди.
Лутфия МИРЗАЕВА, “УМРБОҚИЙ МЕРОС” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази раҳбари