Ўзбекистон Президенти Ашхобод саммитида иштирок этди

0
53
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 август куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Учрашув кун тартибига мувофиқ, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Туркманистон Президентига саммитни ташкил этгани ва кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун ҳамда Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга тадбирни ўтказиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.

Минтақа мамлакатларининг муштарак очиқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик сиёсати ўзининг амалий натижаларини бераётгани қайд этилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва логистика соҳаларида савдо амалиётлари ва кооперация келишувлари каррасига ошди. Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайди.

Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг самарали фаолияти қайд этилди. Якдиллик туфайли икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўзаро мақбул ечимлар қабул қилинаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларга муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бу минтақада сув танқислиги тобора ортиб, кейинги йилларда кескин тус олаётган шароитда айниқса муҳимдир.

Сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинди.

— Бу масалаларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг бутун салоҳиятини ҳамда Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби шерик ташкилот ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни ишга солиш лозим, – деди давлатимиз раҳбари.

Сўнг Президентимиз Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасида, шу жумладан энергия ресурсларини етказиб бериш ва уларнинг транзити борасида яқин, самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.

Мамлакатларимизнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишга интилиши муштарак эканини ҳисобга олиб, гидро ва иссиқлик энергетикасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзаро интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимиз етакчиси “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигини оширишига ишонч билдирди.

Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинди.

Дунёнинг бош майдони – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва минтақа мамлакатлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва равнақни таъминлашга қаратилган ташаббусларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.