Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июль куни пойтахтимиздаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишининг тадбирларида иштирок этаётган ШҲТга аъзо давлатлар делегацияларининг раҳбарларини қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Учрашувда Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто Зардарий, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, шунингдек, Ташкилот бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этди.
Кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор вазифалари ва ШҲТни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг бирлашмага раислиги давомида ўтган даврда биргаликда амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ўтадиган саммит кун тартибига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари ШҲТ мамлакатлари вазирларига мурожаат қилар экан, бугун дунё оқибатларини прогнозлаштириш қийин бўлган, олдиндан айтиб бўлмайдиган туб трансформация жараёнларини бошидан кечираётганини таъкидлади. Глобал миқёсда ишонч ва ўзаро англашув тақчиллиги тобора ўткир сезилмоқда.
Ўзбекистон етакчиси анъанавий кооперация ва логистика занжирлари бузилаётгани, жаҳон мамлакатларининг аксариятида озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги вазият кескинлашиб, инфляция кўрсаткичлари шиддат билан ўсаётгани, ижтимоий-иқтисодий аҳвол ёмонлашиб бораётганини кўрсатиб ўтди.
Бундай мураккаб шароитда хавфсизлик ва барқарор тараққиётга таҳдид солаётган замонавий хатарларга мос равишда чора кўриш учун саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш ва кўп томонлама асосда яқиндан ҳамкорлик қилишга эҳтиёж кучайиб бормоқда.
ШҲТга ва ушбу ташкилот билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш ортиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда ўндан ортиқ мамлакатдан ташкилот фаолиятида у ёки бу мақомда иштирок этиш бўйича келиб тушган аризалар кўриб чиқилмоқда.
Президентимиз ШҲТ ўзининг сиёсий, иқтисодий ва илмий-интеллектуал салоҳиятига кўра энг қудратли бирлашмалардан бири эканини қайд этди. Ташкилот мамлакатлари ҳиссасига жаҳон ЯИМнинг қарийб чорак қисми ва сайёрамиз аҳолисининг ярми тўғри келмоқда.
Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигига тўхталар экан, мамлакатимиз етакчиси 70 дан зиёд йирик тадбир муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этди. Самарқанд саммити якунида қабул қилиниши кўзда тутилган 28 та ҳужжатни келишиш жараёнлари якунланди.
Минтақа ичидаги савдони, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик бўйича концепция ва дастурлар шулар жумласидан. “Яшил” иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва тадбирлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ШҲТни янада ривожлантиришнинг қатор принципиал жиҳатларини белгилаб берди. Булар – Ташкилотнинг ҳеч қандай блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаш, янги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича салоҳиятини кучайтириш, Марказий Осиёнинг ШҲТнинг “географик ўзаги” сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш, трансминтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини илгари суриш ҳамда Афғонистонни минтақадаги иқтисодий жараёнларга янада фаол жалб қилиш.
Учрашув якунида ШҲТ маконида мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини, кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга Ўзбекистоннинг интилиши қатъий экани яна бир бор қайд этилди.
Юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўз мамлакатлари етакчиларининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар.