Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон етакчисини 70 йиллик юбилейи билан чин дилдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Тожикистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Президент Эмомали Раҳмоннинг замонавий Тожикистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида бугунги юксак даражага эришишдаги ўрни алоҳида қайд этилди.
Суҳбат чоғида илгари эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим йўналишлардаги устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга хизмат қиладиган Қўшма инвестиция фонди ўз фаолиятини бошлагани мамнуният билан қайд этилди.
Фаол ҳудудлараро мулоқотларни янада кенгайтириш, мамлакатларимизда қўшма ишбилармонлик ва маданий тадбирларини ўтказиш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак кўп томонлама учрашувлар режаси кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтди.