Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Чавушўғли Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Давлатимиз раҳбари олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқотлар кўп қиррали ҳамкорликнинг жадал ривожланишига хизмат қилаётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, ўтган йилда 370 та янги қўшма корхона ташкил этилди. Икки мамлакат ўртасидаги авиаташувлар сони кўпаймоқда.
Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида, шу жумладан саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида янги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Кўп томонлама тузилмалар, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.