Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, мамлакатимиз Президенти Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи мажлиси арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида шерикликнинг юксак даражасига эришилгани, яқин ва самарали ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари портфели 4,4 миллиард евродан ошган. Уларда хусусий сектор улуши 70 фоизга яқинлашди.
Ўзбекистон Президенти форум дастури доирасида ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифани қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари ОПЕК жамғармасининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муҳим ўрнини қайд этиб, Ўзбекистонда саноат, инфратузилма, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда молиялаштирилаётган тадбиркорлик лойиҳаларини юқори баҳолади.
Форум давомида имзоланган қиймати 500 миллион долларлик битим доирасидаги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Ҳужжатда туризм, логистика, фармацевтика, экология, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби янги йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, илгари эришилган келишувлар ижроси доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ўтган йилда ўзаро товар айирбошлаш 27 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 15 фоизга ошди. Автомобилсозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, туризм ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Лойиҳалар портфелини, шу жумладан Қўшма инвестиция компанияси маблағларини жалб қилган ҳолда янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш мақсадида яқин фурсатда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда икки мамлакат ҳудудларининг иккинчи форуми ўтказилади. Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон энергетика вазирларининг 1 апрель куни бўлиб ўтган уч томонлама учрашувининг асосий якунлари юқори баҳоланди.