Ўзбекистон Президенти ва Малайзия Бош вазири шерикликни инновацион ривожлантириш даврини бошлашга келишиб олдилар

0
22
марта кўрилган.

5 февраль куни «Пердана Путра» ҳукумат мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Малайзия Бош вазирига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, муваффақиятли амалга оширилаётган «Madani» давлат стратегиясининг юксак натижалари билан дилдан қутлади.

Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Малайзия Бош вазирининг ўтган йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган тарихий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга катта суръат бағишлагани таъкидланди.

Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқалар фаоллашди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошмоқда.

Ўтган йили Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди, Ишбилармонлар кенгаши тузилди, қатор йирик бизнес форумлари ташкил этилди.

Ташриф арафасида таҳлилий марказлар учрашуви, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари, етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ўтказилди.

Ҳамкорликни ривожлантириш ва олий даражадаги келишувлар ижросини самарали мувофиқлаштириш мақсадида Ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти платформасини ташкил этишга қарор қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Товар айирбошлашни кўпайтириш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, ўзаро саноат кўргазмаларини ўтказиш, Саноат кооперацияси дастурини қабул қилишга келишиб олинди.

Малайзия ҳукумати Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватламоқда.

Етакчилар 2025-2026 йилларни Ўзбекистон-Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилишга келишиб олдилар.

Иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Булар – нефть-кимё ва кимё, электроника ва яримўтказгичлар саноати, инновацион саноат, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, «яшил» энергетика, зиёрат туризми ва бошқалар.

Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент вилоятида Малайзиянинг етакчи компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилмоқда.

Давлат раҳбарлари фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар. Жорий йилда Ўзбекистон ва Малайзияда маданият ҳафталиклари ўтказилади.

Етакчилар минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Терроризм, радикализм ва исломофобияга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Музокаралар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлашга қарор қилинди.

Якунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.