Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Бутунхитой халқ вакиллари йиғинининг 14-чақириқ биринчи сессиясида олий лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбарининг қутловида сўнгги йилларда Хитой Си Цзиньпин раҳбарлигида барча соҳа ва тармоқларда мисли кўрилмаган натижаларга эришгани, илмий-технологик, инновацион ва ижтимоий ривожланишда улкан ютуқларни қўлга киритгани алоҳида таъкидланган.
Халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мутлақо янги — ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтаришга ХХР Раисининг қўшган улкан шахсий ҳиссаси қайд этилган.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан давлатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги бундан кейин ҳам халқларимиз манфаатлари йўлида жадал ривожланиб боришига ишонч билдирилган.
Ўзбекистон Президенти Си Цзиньпинга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан зафарлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик-осойишталик, бардавом равнақ ва фаровонлик тилади.