Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 17 август куни тонгда давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.
Ташрифнинг биринчи манзили сифатида барча мусулмонлар учун муқаддас Мадина шаҳри зиёрат қилинади.
Куннинг иккинчи ярмида давлатимиз раҳбари Жидда шаҳрига келади. Бу ерда олий даражадаги Ўзбекистон-Саудия саммитининг расмий тадбирлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига давлат ташрифининг биринчи манзили — муқаддас Мадина шаҳрига келди.
Шаҳзода Муҳаммад бин Абдулазиз номидаги халқаро аэропортда давлатимиз раҳбарини Мадина минтақаси раҳбарлари кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг, Шавкат Мирзиёев мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бири – Масжидун Набавийга йўл олди.