Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Россиянинг Ҳамдўстликда раислиги даврида кўп томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади.
МДҲ мамлакатларининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилди.
МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бугунги таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида келишилган чоралар ҳамда дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишида биргаликдаги фаолиятни кучайтириш устувор вазифа экани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 16 фоизга ошган. Муваффақиятли саноат кооперациясига кўплаб мисоллар мавжуд.
МДҲ тармоқ кенгашлари ва қўмиталари фаолиятини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Келгуси йил баҳорида Тошкент шаҳрида «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси доирасида МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши ва Инновацион ривожланиш форумини ўтказиш таклиф этилди.
Яқинда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг Тошкент конференцияси натижаларини ҳисобга олган ҳолда, узоқ муддатли шерикликнинг янги устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Хусусан, интернет технологиялари ва «катта маълумотлар» индустриясини ривожлантириш, рақамли ечимларни жадал жорий этиш, креатив иқтисодиёт, яшил энергетика ва ядро технологиялари, иқлим муаммолари ва бошқалар шулар жумласидан.
Шу муносабат билан МДҲ мамлакатлари экспертлари ва таҳлилчиларининг учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда навбатдаги конференцияни Самарқанд шаҳрида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказиш таклиф этилди.
Гуманитар алмашинувларни кенгайтириш мақсадида Ҳамдўстлик давлатлари маданияти кунларини ўтказиш таклиф қилинди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, таълим, санъат, кино, туризм ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар дастурини ҳар йили тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Самарқанд ва Тошкентни тегишлича Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти ва ёшлар пойтахти деб эълон қилиниши доирасидаги лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда шахмат ва футбол бўйича ёшлар жамоалари ўртасида МДҲ очиқ кубоги мусобақалари ўтказилади.
Якунда Ўзбекистон Президенти Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни 2025 йилда ташкилотга раисликни қабул қилгани билан табриклади.
Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бир қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида иштирок этиш мақсадида Москва шаҳрига қилган амалий ташрифи якунланди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
«Внуково» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Антон Алиханов ҳамда бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.
Бугун Ўзбекистон Президенти МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиб, Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.