Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Навбатдаги “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги етакчилар учрашувининг барча иштирокчиларини қутлашдан мамнунман, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Қирғиз Республикаси Президенти ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровга саммит аъло даражада ташкил этилгани ҳамда минтақамизнинг энг хушманзара масканларидан бири – Чўлпонота шаҳрида кўрсатилаётган ҳар доимгидек илиқ, самимий меҳмондўстлик учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель жанобларига ҳам алоҳида ташаккур билдираман.
Алоқаларимизнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан айнан сизнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив сиёсий мулоқотни ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашингиз ва қатъий интилишингиз туфайлидир.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Остонада очиқлик, ўзаро ишонч руҳида ва самарали ўтган илк учрашувимиздан буён салкам бир йил ўтди. Шу қисқа даврда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ҳақиқатан ҳам катта ишлар амалга оширилди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда Минтақавий ўзаро боғлиқлик бўйича юқори даражадаги конференция ўтказилди. Унда рақамлаштириш, транспорт коммуникациялари, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги лойиҳаларни, шу жумладан, европалик шерикларимизнинг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида илгари суришга алоҳида эътибор қаратдик.
Марказий Осиёда барқарор энергетика тизимини яратиш ҳамда профессионал таълим соҳасида бир қатор муҳим минтақавий лойиҳаларни бошладик.
Март ойида Тошкентда фуқаролик жамияти форуми, Олма-отадаги иккинчи Иқтисодий форум, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг май ойида Самарқандда бўлиб ўтган йиллик йиғилиши натижаларини алоҳида қайд этишни истар эдим. Бу тадбирлар бизнинг европалик шерикларимиз билан мулоқотларимиз сифат жиҳатидан ва ижобий ўзгариб бораётганини яна бир бор кўрсатди.
Бугун Марказий Осиё Европанинг етакчи компания ва банклари учун жозибадорлик маркази ва янги иқтисодий имкониятлар маконига айланди.
Бу ўринда сўз замонавий саноат қувватларини яратиш, “яшил” энергетикани жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ривожланган транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг инвестициявий ва технологик шериклик ҳақида бормоқда.
Ҳамкасбларимнинг чиқишларида статистик маълумотлар янгради. Уларни такрорлаб ўтирмайман. Шу билан бирга қайд этмоқчиманки, 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткичларнинг икки баробар ўсишига эришиш учун барча асосларимиз бор.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Мишель жаноблари, сизнинг Ўзбекистонга тарихий ташрифингиздан сўнг барча даражалардаги мулоқотлар сезиларли даражада фаоллашди. Биз Франция, Германия, Венгрия ва Чехия етакчилари билан учрашувлар ўтказдик. Будапешт ва Стокгольмда элчихоналар очдик. Келгуси ҳафтада мен Италияга ташрифни амалга оширишни режалаштирмоқдаман.
Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми “GSP+” тартиби туфайли барқарор ўсиб бормоқда. Ўтган йили савдо ҳажми 20 фоизга ошган бўлса, жорий йил бошидан буён қарийб 70 фоизга ўсди. Европанинг етакчи компания ва банклари билан юқори технологик ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.
Стратегик ҳамкорларимиз орасида “Siemens”, “Linde Group”, “CLAAS”, “Airbus”, “BASF”, “EDF”, “Alstom”, “Total”, “Orano”, “OTP Group” ва кўплаб бошқа жаҳонга машҳур корпорациялар бор. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши Евроосиё қитъасининг индустриал харитасини тубдан ўзгартириб юборишга имкон беради.
Гуманитар соҳада Париждаги Лувр ва Берлиндаги Янги музей билан ҳамкорликда иккита ноёб лойиҳани амалга оширдик. Бутун дунёга машҳур ушбу санъат марказларида илк бор минтақамизнинг бой маданий-тарихий меросини кенг намойиш этдик.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Мураккаб геосиёсий вазият ва глобал иқтисодиётдаги салбий жараёнларга қарамасдан, Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ўсишни намойиш этмоқда.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки таҳлилчиларининг сўнгги ўрганишларига кўра, минтақадаги умумий иқтисодий ўсиш жорий йилда 5,2 фоизни ва келгуси йилда 5,4 фоизни ташкил қилади.
Европалик экспертлар Ўзбекистонда ўртача 6,5 фоизлик йиллик ўсишни прогноз қилмоқда. Айни пайтда биз 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажми ва аҳолининг реал даромадларини икки баробар ошириб, даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришни режалаштиряпмиз.
Жадал саноатлаштириш сиёсати, шу жумладан, қайта ишлаш тармоқларига хорижий сармояларни кенг жалб этиш ушбу мақсадга эришишнинг асосий омили бўлади.
Европалик дўстларимиз ва шерикларимиз миллий ривожланиш дастурлари ва ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши муҳим эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Саммитнинг таклиф этилган кун тартибини ҳисобга олиб, ҳамкорликнинг қуйидаги устувор ва ўзаро манфаатли йўналишларига эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчиси – бу савдо. Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини тубдан кенгайтиришдан, энг аввало, барқарор савдо-логистика занжирларини ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратишдан манфаатдор.
“GSP+” тартибининг тақдим этилиши мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини ташқи савдо фаолиятига жалб қилиш ва шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини оширишда рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилди.
Биз ушбу шартларнинг амал қилиш муддатларини янги даврга узайтиришдан манфаатдормиз. Ушбу преференциялар тизимининг минтақадаги барча мамлакатларга татбиқ этилиши иқтисодиётларимизнинг индустриал салоҳияти ва рақобатбардошлиги ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.
Бунга мисол тариқасида экспортчиларимиз Европа бозорига умумий қиймати 4 миллиард евро бўлган 500 номдаги саноат товарларини етказиб беришга тайёр эканини қайд этмоқчиман.
Шу билан бирга, минтақамизда Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ замонавий лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаш марказлари тармоғини яратиш, Европа бозорларида ишлаши учун экспорт қилувчиларимизнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, Европа компанияларининг минтақа мамлакатлари савдо имкониятлари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш каби алоҳида масалалар ҳам мавжуд.
Афсуски, бу масалаларнинг барчаси бўйича ҳанузгача сезиларли натижаларга эришилгани йўқ. Уларни ҳал этиш учун Мамлакатларимиз экспорт ва импорт қилувчи корхоналарини қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилиш жараёни тез фурсатда якунланиши ҳам ушбу вазифанинг ижросига хизмат қилади.
Иккинчидан – барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш.
Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, “Ўрта маршрут” деб ном олган Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадида мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир.
Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа яқинда Самарқандда ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилари учрашувида пухта таҳлил қилинди.
Афсуски, ушбу магистраль рақобатбардошлигини ошириш масаласида ўзаро мувофиқлашган ёндашув ҳанузгача мавжуд эмас. Бугун юк ташишнинг асосий ҳажмини ҳосил қилаётган бизнес учун манфаатли бўлган тарифлар керак. Бироқ таҳлиллар кўрсатаётганидек, ушбу йўналишдаги жорий тариф ва йиғимлар, масалан, муқобил бўлган Шимол – Жануб йўналишларидагидан 1,5 баробар баланд.
Транспорт-логистика ва порт инфратузилмаларини юклар оқимининг прогноз қилинаётган ўсишига мос равишда кенгайтириш ҳамда йўл қопламасининг техник ҳолатини яхшилаш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан Транскаспий йўлаги салоҳиятидан фойдаланишнинг доимий, таъсирчан механизмини яратишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу мамлакатларимиз транспорт идоралари ваколатли вакилларининг доимий учрашувларини ўтказиб боришни назарда тутади.
Шунингдек, европалик ҳамкорлар томонидан Европа ва Марказий Осиё ўртасида барқарор транспорт йўлакларини шакллантириш юзасидан ўтказилган тадқиқотларнинг муҳим аҳамиятини қайд этмоқчиман.
Учинчидан – инвестициявий ва технологик шериклик.
Имкониятларимиз ва умумий режаларимиз хусусида мен батафсил тўхталиб ўтдим. Ўйлайманки, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иқтисодий форуми доирасида ҳар йили саноат-технология кўргазмаларини ўтказиш масаласини кўриб чиқиш вақти келди.
Бугунги воқеликдан келиб чиқиб, Европа инвестиция банки билан биргаликда Европанинг етакчи компаниялари ишлаб чиқариш қувватларини мамлакатларимизга кўчириш жараёнида уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг махсус воситаларини ишга туширишдан манфаатдормиз.
Банкнинг минтақавий офиси Ўзбекистонда фаолият юритиши учун барча зарур шароитларни таъминлашга тайёрлигимизни тасдиқлаймиз.
Тўртинчидан – рақамли ўзаро боғлиқлик соҳасида Евроиттифоқ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.
Жаҳон банки мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, юқори тезликдаги Интернетдан фойдаланиш имкониятларининг янада кенгайтирилиши минтақа мамлакатлари ялпи маҳсулоти ва экспорти ҳажмининг мутаносиб равишда ошишига олиб келади.
Бу борадаги “Европа жамоаси” ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда “Марказий Осиё учун рақамли кун тартиби”ни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Бешинчидан – иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашиш.
Бу ерда, авваламбор, Европанинг илғор билим ва технологияларини қўллаган ҳолда мақсадли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан экотизимлар барқарорлигини ошириш ҳақида сўз бормоқда.
Бундан ташқари, бугун Ўзбекистонда “яшил” энергетика фаол ривожланиб бормоқда. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватларини 25 минг мегаваттгача ошириш ва унинг улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизгача етказишни режа қилганмиз.
Бугун менинг ҳамкасбларим экология масалаларига батафсил тўхталдилар. Масаланинг ғоят долзарблигини ҳисобга олиб, Европа Иттифоқини шу йил кузда Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд ташаббуси доирасида ўтказиладиган биринчи Халқаро иқлим форумининг ҳам ташкилотчиларидан бири бўлишга чақирамиз.
Биз шерикларимизнинг Марказий Осиё атроф-муҳитни ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетини ташкил этиш лойиҳасида фаол иштирок этишидан ҳам манфаатдормиз.
Олтинчидан – туризмни ривожлантириш.
Ушбу тармоқ пандемиядан кейин тез қайта тикланаётганини ва барқарор юқори ўсиш суръатини кўрсатаётганини таъкидлаш жоиз. Шунга қарамай, Марказий Осиёнинг улкан туризм салоҳияти бугунги кунда тўлиқ ишга солинмаяпти.
Марказий Осиё учун барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш ва уни жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей саммитида тақдим этишни таклиф қиламиз.
Ушбу дастур инфратузилмани модернизация ва тарихий мерос объектларини реконструкция қилиш бўйича аниқ лойиҳаларни, авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва сонини кўпайтириш, бутун минтақа учун мўлжалланган ягона туризм маҳсулотлари ва йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда виза тартиботларини соддалаштириш масалаларини қамраб олади.
Еттинчидан – ёшлар таълимига инвестиция киритиш.
Ўзбекистонда Европанинг еттита университети филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Лекин бу етарли эмас.
Яқин истиқболда Европа Иттифоқи мамлакатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан шерикликни йўлга қўйиш ва қўшма таълим дастурларини, биринчи навбатда, техника мутахассисликлари бўйича жорий қилиш ниятидамиз.
Таълим вазирлари ва университетлар ректорларининг шу форматдаги мунтазам учрашувларини қайта тиклаш тарафдоримиз.
“Европа уфқлари” дастури доирасида Марказий Осиё минтақаси учун илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Хавфсизлик соҳасида янги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш биргаликдаги ишларимизнинг энг муҳим йўналишидир.
Бугун чегараларни ҳимоя қилиш, наркотрафик ва терроризмга қарши кураш бўйича қўшма дастурларни самарали амалга оширмоқдамиз.
Сўнгги йилларда икки юздан ортиқ минтақавий тадбирлар ўтказилди. Европалик ҳамкорлар кўмагида минглаб юқори малакали мутахассислар тайёрланди, чегара пунктлари модернизация қилинди.
Экстремизм ва радикализм, одам савдоси, уюшган ва кибер жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегараларни қўриқлаш соҳасида янги шериклик дастурларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Шу мақсадда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференциясини ўтказишни таклиф этамиз.
Афғонистон муаммоси эътиборимиз марказида бўлиб турибди. Минг афсуски, Афғонистондаги гуманитар вазият тез суръатда ёмонлашиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда миллионлаб афғонлар ҳалокат ёқасида турибди.
Шу муносабат билан шерикларимизни афғон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини камайтирмасликка чақирамиз. Шу мақсадда Термиздаги логистика хаби имкониятларини бундан буён ҳам тақдим этишга тайёрмиз.
Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва унинг тинч тараққиётига кўмаклашиш борасидаги долзарб масалалар ечими юзасидан умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун махсус вакилларимизнинг мунтазам маслаҳатлашувларини давом эттиришни таклиф этамиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бугун ҳамкасбларимнинг чиқишларида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Билдирилган ҳар бир таклиф экспертларимиз томонидан диққат билан ўрганиб чиқилиши жуда муҳимдир. Шу муносабат билан учрашувимиз якунлари бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Мулоқотларимизни мунтазам ўтказиб бориш тўғрисидаги таклифни ҳам қўллаб-қувватлайман.
Ушбу форматдаги илк саммитни келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш борасидаги ташаббусимиз қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик изҳор этаман.
Ушбу учрашув якунлари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшимча суръат бағишлайди, минтақада тинчлик ва барқарорлик, изчил тараққиёт ва равнақни таъминлашга хизмат қилади, деб ишонаман.
Эътиборингиз учун раҳмат.