Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

0
219
марта кўрилган.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!

Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Қадрли ватандошлар!

Аввало, ўз ҳаётини она юртимизни ҳимоя қилишдек улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ айёмда жонажон Ватанимизга садоқат, азму шижоат каби эл-юртимизга хос юксак фазилатларнинг қадр-қиммати ва аҳамиятини, улар ҳаётимизда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини янада теран англаймиз ва ўзининг жанговар фаолияти билан буни амалда исботлаб келаётган сиздек ғоят олижаноб касб эгаларини шарафлаймиз.

Шу билан бирга, жанговар бурчини адо этишда мардларча ҳалок бўлган фидойи ҳарбий хизматчиларимизнинг нурли ва сўнмас хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирамиз.

Азиз дўстлар!

Истиқлол даврида Ўзбекистон армияси жуда мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтди. Ёш давлатимизнинг ўта оғир шаклланиш йилларида айнан Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ҳаёти ва фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Кейинги йилларда амалга оширган туб ислоҳотларимиз туфайли тарихан қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор ва ихчам миллий армияни ташкил этишга эришмоқдамиз.

Ана шундай буюк тарихий жараёнда халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросига таяниб, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизнинг жанговар анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган, жисмоний ва маънавий етук, замонавий билим, қурол-яроғ ва техникаларни пухта эгаллаган, давлат ва халқ манфаатлари учун ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтишга тайёр бўлган ҳарбийларимиз доимо фаол иштирок этиб келаётганлари ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.

Шу маънода, муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ, эл-юрт ҳимояси йўлида метин қалқон бўлган мард ва жасур ҳарбийларимиз Ўзбекистоннинг чинакам ватанпарвар баҳодирлари, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Халқимиз ўзининг сизлар каби ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади.

Муҳтарам юртдошлар!

Кейинги йилларда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил асосида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда фуқароларимиз армиянинг ҳар томонлама ёрдами ва кўмагини ҳаётнинг барча соҳаларида амалда ҳис этмоқдалар. Айниқса, мураккаб синов даври бўлган пандемия пайтида ва фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда, биз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган бебаҳо бойлик – тинчлик ва осойишталикни асраш ва ҳимоя қилишда бу якдиллик янада яққол намоён бўлмоқда.

Ҳозирги вақтда бутун жамиятимизда, жумладан, Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларда “Инсон қадри учун” деган муҳим тамойил марказий ўринга қўйилаётгани сизларга яхши маълум.
Шу асосда миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбийлар, муҳтарам фахрийларимизнинг Ватан ва халқ олдидаги хизматларини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, кундалик ҳаётидаги муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, уларнинг оиласи ва фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишларимиз йилдан-йилга янги босқичга кўтарилмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олаётган бундай жадал ўзгаришлар юртимизда ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори, армия ва халқ бирлиги янгича мазмунга эга бўлиб, ёшларимиз қалбида армиямиз билан фахрланиш туйғуси, Ватан ҳимоячисидек олижаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Муҳтарам ватандошлар!

Бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даври, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаро ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар олдимизга кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қўймоқда. Ана шундай ғоят масъулиятли вазиятда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва ҳимоя қилишда Қуролли Кучларимиз, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Бу ҳақиқатни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Қуролли Кучларимиз қўмондонлик таркиби жойлардаги ҳокимият идоралари ва халқимиз билан биргаликда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишлари керак.

Ҳарбий хизматчилар, айниқса, командирлар таркибининг профессионал тайёргарлигини ошириш миллий армияни янада ривожлантиришнинг энг муҳим шарти бўлиб қолмоқда. Бу борада Қуролли Кучлар Бош штаби ҳамда ҳарбий округлар бошқарув аппаратлари офицерларини, бригада командирлари ва уларнинг ўринбосарларини ўқитиш бўйича Қуролли Кучлар академиясида жорий этилган янги тизимнинг юксак самарадорлигини таъминлаш – долзарб вазифадир.

Шу муносабат билан ҳарбий таълим ва илм-фан тизимида бошланган ислоҳотларни изчил амалга ошириш, соҳа учун кадрлар тайёрлашда назария ва амалиётни имкон қадар яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш бўйича комплекс дастурларни тайёрлашда бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган ҳарбий можаролар хусусиятларини, қўшинларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада энг зарур қурол-аслаҳа ва анжомларни сотиб олиш, уларни янги жанговар тизимлар билан биргаликда қўллаш ва такомиллаштириб бориш эътиборимиз марказида бўлиши зарур.

Жаҳон ахборот маконида кескин кураш кетаётган ҳозирги вазиятда муҳим объектларда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам давр талабидир.

Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли, биринчи навбатда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишни кучайтириш борасидаги ишларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар,

Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Ушбу қутлуғ айёмда фидокорона хизматларингизни алоҳида таъкидлаб, сизларнинг фаол саъй-ҳаракатларингиз билан Ўзбекистон армияси изчил ривожланиб бораётганини, унинг жанговар қобилияти ортиб, мудофаа қудратимиз мустаҳкамланаётгани, халқимизнинг осойишта ҳаёти таъминланаётганини яна бир бор юксак ғурур билан эътироф этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай самарали хизматларингиз учун сизларга, мўътабар тупроғимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш йўлида олижаноб ва масъулиятли бурчини муносиб адо этиб келаётган барча жасур ўғлонларимизга, уларнинг ота-оналари ва оила аъзоларига чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Барчангизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг шонли 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Миллий армиямиз сафларидаги шарафли хизматингизда янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлсин!

Куч-ғайратингиз, шаъну шарафингиз янада зиёда бўлсин!

Жонажон Ўзбекистонимизга садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон чарчаманг, мард ва жасур Ватан посбонлари!

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.