Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани тасдиқланди

0
66
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 19 ноябрь куни ташриф билан Россияга келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Олий даражадаги музокаралар Кремлда бўлиб ўтди.

Владимир Путин учрашув аввалида давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади ва келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

— Ўзбекистон нафақат энг яқин қўшнимиз, балки иттифоқдошимиздир. Биз Ўзбекистонни айнан шундай қабул қиламиз, — деди Россия Президенти. – Бу йирик минтақавий давлат бўлиб, бизларни тарих нуқтаи назаридан ҳам, бугунги кунда ҳам кўплаб жиҳатлар боғлаб туради.

Бугун Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажмининг 18 фоизи Россияга тўғри келмоқда. Товар айирбошлаш кўпаймоқда: пандемияга қарамай, ўтган йили 15 фоиздан кўпроққа ошган. Бу кўрсаткич ҳатто мураккаб даврда ҳам ҳамкорлик қилаётганимизни, ҳамкорлигимиз муваффақиятли кечаётганини аниқ-равшан кўрсатиб турибди.

Бугун ҳам биргаликдаги ишларимиз минтақавий форматда, давлатлараро шаклда барча йўналишларда давом этмоқда. Иқтисодиёт, гуманитар алоқалар, транспорт инфратузилмаси шулар жумласидан. Бу борада биргаликда ишлашимиз учун катта майдон мавжуд, иккимиз муҳокама қилиб олишимиз лозим бўлган масалалар жуда кўп.

Давлатимиз раҳбари Россия Президентига таклиф ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди.

– Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, кейинги йилларда муносабатларимизда чинакам улкан ютуқларга эришилди – бундай кўрсаткичлар илгари бўлмаган. Сиз айтганингиздек, товар айирбошлаш ортмоқда: тўққиз ой якунида беш миллиардни ташкил этди, йил охирида етти миллиард бўлади. Муносабатларимизда бундай рақам илгари кузатилмаган.

Бош вазирлар раҳбарлигидаги Ҳукуматлараро комиссия жуда жиддий ишламоқда – Сиз қўллаб-қувватладингиз ва жиддий натижаларга эришилмоқда. Ташрифдан аввал жуда салмоқли ишлар қилинди. Учта катта тадбир: ҳудудлар, таълим ва медиа форумлари ўтказилди.

Натижаларга келсак, бугун 14 миллиард долларлик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, ҳудудлараро форум доирасида. Уч йил аввал Сиз билан ушбу форумни бошлаётганимизда бундай тадбирлар йўқ эди. Натижа эса катта: ҳудудлар учрашмоқда, ҳамкорлигимизга катта туртки бермоқда.

Бугунги учрашувимиз ҳудудлараро алоқалар, икки томонлама ҳамкорлик, хавфсизлик масалалари, Афғонистон масаласини муҳокама қилиш учун яхши имкониятдир, – деди Президентимиз.

Умуман, Президентлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган муносабатлар юксак даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Музокараларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Кейинги йилларда ушбу соҳаларда чинакам улкан ютуқларга эришилди. Бош вазирлар даражасидаги қўшма комиссия ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ҳудудлар ўртасида яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Биргина жорий йилда юқори даражадаги 50 та ўзаро ташриф ташкиллаштирилди.

2020 йилда ўзаро савдо ҳажми 5,6 миллиард доллардан ошган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 6 миллиард долларга етиб, йил якунига қадар 7 миллиард долларга яқинлашиши кутилмоқда.

Кейинги тўрт йилда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга кўпайиб, қарийб 3 мингтани ташкил этмоқда.

Бугун юртимиз иқтисодиётида Россиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди ва жадал ўсишда давом этмоқда. Умумий қиймати 14 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Президентлар иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларини қамраб олган ҳолда инвестициявий ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Бунда Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи арафасида ўтказилган II Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми натижалари ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, форум якунида саноат, энергетика, транспорт ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатига доир янги битим ва шартномалар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта захиралар борлигини қайд этди. Шу муносабат билан устувор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар.

Жорий йил май ойида Бухорода Ректорлар анжумани, 16-17 ноябрь кунлари эса Москвада иккинчи Таълим форуми ўтказилгани таъкидландли. Форум якунида шерикликнинг янги йўналишларига доир 35 дан ортиқ битимлар имзоланди.

Бугун Россия олий таълим муассасаларининг энг кўп хорижий филиаллари Ўзбекистонда фаолият юритмоқда. Юртимизда уларнинг сони 15 тани ташкил этмоқда, шундан 12 таси кейинги тўрт йилда очилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Россиялик ҳамкорлар кўмагида Ўзбекистонда “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш ташкил этилди, Тошкентда Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети филиалини очиш ишлари якунига етди.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик томонларни қизиқтирган масалаларга тўхталиб ўтдилар.

Мамлакатаримиз ташқи сиёсат ва мудофаа идоралари ўртасидаги икки томонлама маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди. Минтақавий хавфсизлик масалалари ва Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Россия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Давлат раҳбарлари БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирдилар. 

Самимий ва дўстона муҳитда ўтган суҳбат якунида томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Музокаралар якунида Президентлар Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилдилар. Ташриф доирасида жами 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.