Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчилари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар

0
110
марта кўрилган.

16 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашув ўтказди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни  Ҳиндистон мустақиллигининг 75 йиллиги билан самимий табриклади.

Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръатлари мамнуният билан қайд этилди. Томонлар ҳамкорликни ўзаро манфаатли барча йўналишларда янада кенгайтириш борасида биргаликда ишлашга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Етакчилар ўзаро савдо ҳажми ошиб бораётганини кўрсатиб ўтдилар. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш 30 фоизга ўсди. Кейинги олти йилда қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайди.

IT, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Яқин йилларда ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш дастурларини, шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш битимини тез фурсатда қабул қилиш ва амалга ошириш зарурлиги айтилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Ҳиндистон билан транспорт алоқаларини, шу жумладан “Чобаҳор” портидан фойдаланган ҳолда мустаҳкамлашдан манфаатдор экани таъкидланди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг учта университети очилди.

Биринчи “Ҳиндистон – Марказий Осиё” онлайн саммитининг якунлари юксак баҳоланди, ушбу платформа доирасида қабул қилинган келишувларни рўёбга чиқариш муҳимлиги қайд этилди. Ҳиндистон томонига БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.

Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш ва унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Нарендра Моди Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини олқишлади.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш бўйича қўшимча чоралар кўришга келишиб олинди.

Учрашув очиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.