Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ҳажми жадал суръатда ўсмоқ, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тадбирларга бой маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури рўёбга чиқарилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини тез фурсатда бошлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.