Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, товар айирбошлаш ортаётгани ва кооперация алоқалари кучайиб бораётгани, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 5-6 декабрь кунлари Қозоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан савдо ва логистика, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида Саноат кооперацияси халқаро маркази ва улгуржи-тақсимлаш марказларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президенти томонидан мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди. Президентлар жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувига доир масалаларни муҳокама қилдилар.
Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек очиқ, амалий ва дўстона руҳда ўтди.