Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки томонлама савдо ҳажмининг ўсиш суръатини таъминлаш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик тармоқлари, транспорт ва логистика соҳаларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасидаги қўшма тадбирларни фаол ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот якунида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган баҳорий айём – Наврўз муносабати билан бир-бирини чин дилдан қутлаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Суҳбат ҳар доимгидек очиқ ва дўстона руҳда ўтди.