Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг Актюбинск вилоятидаги фожиада ҳалок бўлган мамлакатимиз фуқароларининг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон раҳбарига самимий ҳамдардлик билдиргани ва қўллаб-қувватлагани, ташкилий масалаларни ҳал этиш ва фожиа сабабларини аниқлашда кўрсатилган тезкор ёрдам учун миннатдорлик изҳор қилди.
Келгусида бундай ҳодисалар рўй беришининг олдини олиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари, масъул идоралари ва ташкилотлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқотда, шунингдек, икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда устувор йўналишлар бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Президент Нурсултон Назарбоевни яқинда АҚШга қилган расмий ташрифи ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг биринчи марта Қозоғистон раислигидаги мажлиси муваффақиятли ўтгани билан самимий қутлади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстлик, яқин қўшничилик ва ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи Саммити ўзаро муносабатларда янги саҳифа очиши, минтақадаги барча мамлакатларнинг узоқ истиқболли манфаатларини кўзда тутадиган янги дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун имконият яратиши алоҳида таъкидланди.
Қозоғистон Президенти минтақада тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида «Афғонистон–тинчлик сари йўл» халқаро вазирлар конференциясини ўтказиш ташаббусини юксак баҳолади ва қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, томонлар 2017 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида эришилган келишувларга мувофиқ, Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси йилини ўтказиш борасида олиб борилаётган фаол тайёргарлик ишларини мамнуният билан қайд этдилар.
Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев бундан буён ҳам мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлидаги кўп қиррали ва самарали ҳамкорликни фаол ривожлантириш, кўп асрлик дўстлик ва яқин қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидладилар.