Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Шундан сўнг давлат раҳбарлари яккама-якка учрашув ўтказди. Президент Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни юртимизга ташрифи билан қутлади.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, турли соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.
Президентлар Тошкент шаҳридаги Ашхобод сайилгоҳининг очилиш маросимида иштирок этиши, 24 апрель куни Хоразм вилоятига ташриф буюриши режалаштирилган.