Ўзбекистонда миграция таъсирига учраган болаларни ҳимоялашда ижтимоий ишни қўллаб-қувватлаш

0
186
марта кўрилган.

Ўзбекистонда меҳнат миграциясининг ўсиши – заиф оилаларни қўллаб-қувватловчи тузилмалар учун янги вазифаларни юзага келтирди. Миграция билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ижтимоий хизмат соҳасидаги ходимлар учун миграция таъсирига учраган болалар ва оилалар билан ижтимоий иш амалиёти бўйича тренинглар ўтказди.

Ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида — Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразмда муҳожир ота-оналар томонидан қолдирилган болаларни аниқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳанинг бир қисмидир. Лойиҳа Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва ЮНИCЕФ томонидан амалга оширилиб, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган.

«Ота-оналарнинг болаларнинг кундалик ҳаётида узоқ вақт давомида бўлмаслиги уларнинг фаровонлиги ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди Фарғона вилояти вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия масъул котиби Қобилжон Ҳасанов. «Тренингнинг мақсади болаларни парвариш қилиш бўйича мутахассисларни миграция таъсирига учраган болаларни янада яхши ҳимоя қилишлари учун ижтимоий иш кўникмаларига ўргатиш эди.»

Тўртта танланган вилоятда ўтказилган тренинглар давомида ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасининг 94  вакили, шу жумладан вилоят ва туман васийлик ва ҳомийлик идоралари, вояга етмаганлар ва маҳалла мутахассислари ижтимоий иш кўникмалари ва ахлоқий меъёрлар билан таништирилди. Улар оиладаги вазиятни баҳолаш усулларини, шунингдек инсоннинг атроф-муҳит билан ижтимоий ва шахсий муносабатларини кўрсатадиган экологик харита диаграммасини тузишни ўрганишди.

Сурхондарё вилояти касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси Гўзал Хайлованинг сўзларига кўра, у муҳожир ота-оналар томонидан қолдирилган болалар билан тез-тез мулоқотда бўлади. «Уларнинг баъзилари агрессив хулқ-атворга эга. Тренинг давомида олган кўникмаларим ушбу болаларга улар дуч келадиган қийинчиликларни енгиб ўтишига ёрдам беради», деди у.

Тўрт кунлик семинар давомида иштирокчилар видеоматериалларни ва амалий машғулотларни гуруҳларда муҳокама қилиш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва оилалар билан ишлашнинг турли усулларини ўрганишди. Тренингдан кейин улар миграция таъсирига учраган оилалар билан ишлашда олган билимларини қўллашлари кутилмоқда.

БМТнинг Ўзбекистондаги вакиллиги сайти

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.