Президент Бундестаг Раиси билан учрашди

0
106
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 январь куни куни Германия Федератив Республикаси Бундестаги Раиси Вольфганг Шойбле билан учрашди.

Бундестаг Германиянинг бир палатали парламенти бўлиб, қонунлар қабул қилишдан ташқари Федерал канцлерни сайлаш ҳамда ҳукумат фаолиятини назорат қилиш каби муҳим функцияларни ҳам бажаради. 

Ўзбекистон ва Германия парламентлари ўртасида яхши алоқалар йўлган қўйилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича  “Ўзбекистон – Германия” гуруҳи, Бундестагда эса “Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё” гуруҳи ташкил этилган. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, халқларимиз манфаатини таъминлашда парламентлар муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

Бундестаг Раиси мамлакатимизда барқарор демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади.

Мулоқотда қонун устуворлигини таъминлаш, парламент назорати, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қабул қилинадиган “йўл харитаси”га асосан парламентлараро ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон Президентининг Германияга расмий ташрифи барча даражадаги, жумладан, парламентлар ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари Бундестаг биносини кўздан кечирди. Мамлакатимиз делегациясига Бундестаг тарихи ва фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрига жўнаб кетди. 22 январь куни у ерда Бавария Бош вазири Маркус Зёдер ҳамда Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.