Наманган шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари муҳокамаси юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Сўнгги беш йилда Наманган вилоятида корхоналар сони 15 мингтага кўпайиб, 32 мингтадан ошди. Шу даврда хусусий бизнес ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳажми 1,6 баравар ўсиб, 8,3 триллион сўмга етди. Бу – республика бўйича энг юқори суръатлар.
– Тасаввур қилинг, олти йил аввал дотацияда бўлган вилоят бугунги кунда мустаҳкам даромадга эга бўлди, замонавий саноат ва кучли тадбиркорлар шаклланди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Оддий қилиб айтганда, Наманган ҳеч муболағасиз тадбиркорлар юрти, кичик ва ўрта бизнес марказига айланди.
Йиғилишда, аввало, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратилди.
Таҳлилларга кўра, бу йил қишдаги совуқ оқибатида юртимиздаги 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида ишлаб чиқариш пасайган. Яна кўплаб тадбиркорларнинг солиқ қарздорлиги ошган.
Шу боис, Президентимиз иқтисодиётда йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида қарор имзолаганини айтди. Унга кўра, совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади.
Жумладан, 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-мартда муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади. 29 мингта тадбиркорга 2 триллион сўм солиқ қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва пенясиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади. Давлат мулки хариди ва ижараси бўйича тўловлар бўйича ҳам енгилликлар берилади. Ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма жорий этилади.
Бу имкониятлар тадбиркорлар томонидан хурсандчилик билан қабул қилинди.
– Наманган иқтисодиётини ривожлантириш ҳисобига, бу йил 500 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича катта марраларни олганмиз. Бу режаларни фақат ва фақат тадбиркорларга таяниб, уларни қўллаб-қувватлаб эришиш мумкин, – деди давлатимиз раҳбари.
Бунинг учун вилоятда оилавий тадбиркорлик учун бу йил 950 миллиард сўм ёки 2 баравар кўп имтиёзли кредитлар ажратилади. Махсус тўқимачилик зонаси ташкил этилади ҳамда 15 та саноат зонаси инфратузилмасига 75 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, ҳар бир туманда камида 2 тадан микромарказ ўз фаолиятини бошлайди.
Энергетика вазирлигига тадбиркорларнинг энергия таъминотини кунлик назоратга олиб, изчил етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Аҳолига деҳқончилик учун тарқатиладиган 9,5 минг гектар ерда бозорбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш зарурлиги айтилди.
Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича кўрсатмалар берилди.
Мулоқотда Президент тадбиркорларнинг янги таклиф ва ташаббусларини эшитди.