Президент Шавкат Мирзиёев 30 март куни Нукус шаҳридаги Алтин жағис маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бу ерда 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллалардаги манзилли ишлар Алтин жағисда ҳам ўз натижасини бермоқда. Яқин-яқингача бу манзил транспортлар бориши қийин, коммуникация тармоқлари камчил жой эди. Ўтган йили бу ер “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Йўл, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда газ тармоқлари янгиланди.
Маҳалла биноси янгидан қурилиб, унинг атрофида болалар майдончалари, тиббиёт пункти, тадбиркорликка кўмаклашувчи марказ, савдо шохобчаси ташкил этилди. Замонавий спорт мажмуаси қуриб битказилмоқда. Бундай яхлит мажмуа аҳолига қулайлик яратади.
Давлатимиз раҳбари маҳалладаги ўзгаришларни кўздан кечирди, аҳоли билан суҳбатлашди.
– Маҳаллангиз обод бўлганини, одамлар юзидаги розиликни кўриб хурсандман. Буни ҳамма жойда давом эттирамиз. Қорақалпоғистон маҳаллаларини обод қилиш, сув, йўл, электр таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктларини қуриш ва таъмирлаш учун бу йил 1,5 триллион сўм бераяпмиз. Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Муаммони маҳалланинг ўзи кўтарсин, ўзига пул берайлик, ўзи назорат қилсин. Шунда сифат ва манфаат бўлади. Одамлар рози бўлади, – деди Президент.
Бу ерда ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб, янги иш ўринлари яратишга эътибор қаратилмоқда. Маҳалланинг ери унумдор эмас. Аҳоли асосан хизмат кўрсатиш орқали даромад олади. Маҳаллада маиший хизмат шохобчалари, тикувчилик корхоналари, новвойхона, мебелсозлик ва техник хизмат устахоналари бор. Келгусида қуёнчилик ва балиқчиликни ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Маҳалла билан танишиш узоқ давом этди. Давлат раҳбари шу ерлик Қуўаншбай Сейтназаров хонадонида ифторлик қилди.
Юртимизни Наврўз шукуҳи ҳали тарк этмаган. Президентимиз маҳалла аҳлининг сумалак сайлида ҳам иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.