Италия Республикасига расмий ташрифнинг ишбилармонлик тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Милан шаҳрида ушбу мамлакатнинг инвесторлари ва йирик бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Учрашувда Италия томонидан Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана, “Италия — Ўзбекистон” савдо палатаси президенти Жоржо Веронези, шунингдек, Eni, Enel, Pietro Fiorentini, Saipem, Energy System, Imagro Group, HT Holding, Danieli, SACE, Ferroli Group, Arsenale Group, Pirelli каби етакчи компания ва корпорациялар, уюшма ва молиявий институтларнинг 25 нафардан зиёд раҳбарлари иштирок этди.
— Жаҳон цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири, бой маданий мерос ва юқори технологиялар маркази, рассом ва шоирларнинг бир неча авлоди учун илҳом манбаи бўлган бетакрор юртингизга бу менинг биринчи ташрифим, — деди Президент тадбир аввалида. – Учрашувимиз айнан Миланда – фаол ишбилармонлик жараёнлари қизғин кечаётган, инновация ва технологиялар кашф этилаётган, саноатнинг янги тармоқлари ривожланаётган замонавий иқтисодий марказда ўтаётгани рамзий маънога эга.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатимизда Италия сармояси иштирокидаги замонавий корхоналар сони икки карра кўпайди. Ўзаро савдо ҳажми изчил ошиб бормоқда. Электротехника, металлургия соҳаларида ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўйича қатор қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари куни кеча Италия Президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазири Жоржа Мелони билан ўтказилган музокаралар сермаҳсул ва конструктив бўлганини қайд этди.
– Моҳиятан, биз мамлакатларимиз муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариб, уларнинг тарихида янги босқични бошладик. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, бизнес учун қулай шароитлар яратишга, қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг мослашувчан механизмларини жорий этишга, ташаббусларимизни қўллаб-қувватлашга келишиб олдик. Шунингдек, саноат кооперациясини ривожлантириш учун йўналишларни белгилаб олдик, – деди Шавкат Мирзиёев.
Эришилган барча келишувлар ижросига айнан Италия бизнеси вакиллари катта ҳисса қўшишга қодир. Қолаверса, ташрифдан аввал икки мамлакат ишбилармон доираларининг қарийб 300 нафар вакили иштирокида ўтказилган қўшма бизнес-форум Италия сармоядорларининг Ўзбекистонга қизиқишини тасдиқлади.
Ушбу тадбир якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган бир қатор янги инвестиция келишувлари ва савдо битимлари имзоланди. Улар энергетика, газ-кимё ва нефть-газ тармоғи, металлургия, кимё, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалигида катта кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутади.
Учрашув давомида давлатимиз раҳбари жаҳон иқтисодиётидаги жиддий тебранишлар ва глобал етказиб бериш занжирлари бузилиши шароитида ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган конструктив, очиқ мулоқот муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистон Италия бизнесига юртимизда фаолият юритиши учун кенг қўллаб-қувватлаш чоралари ва самарали майдон тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Президентимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларга алоҳида тўхталди. Эркин бозор механизмларини жорий этиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, самарали давлат бошқаруви тизимини жорий этиш борасида қилинаётган изчил ишлар ҳамда бизнес юритиш учун максимал қулайликлар яратишга қаратилган бошқа ижобий ўзгаришлар қайд этилди.
— Бугун бизда бизнесингиз ривожи ва равнақи учун барча шароитлар яратилган. Барқарорлик, ишончли кафолатлар, қулай инвестиция муҳити таъминланган. Ҳар бирингизни Янги Ўзбекистон – ҳақиқатан чексиз имкониятларга эга бетакрор мамлакат эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун юртимизга келишни таклиф қиламан, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари ва малакали кадрларини Италиянинг технологик ва саноат салоҳияти билан бирлаштиришдан ҳосил бўладиган синергия қўшилган қийматли маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқариш ва уларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш имконини беради.
Шу маънода, энергетика, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, кимё ва автомобилсозлик, электротехника ва кўплаб бошқа соҳалар ҳамкорлик учун истиқболли экани таъкидланди.
Шерикликни кенгайтириш бўйича режалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Италия ишбилармон доиралари вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини юқори баҳолаб, улар узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон Италия компаниялари учун истиқболли Марказий Осиё минтақаси билан ишлаш имкониятларини очадиган стратегик ҳамкор экани қайд этилди.
Италия тадбиркор ва сармоядорлари Ўзбекистонда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, бунда юқори технологиялар ва инновацион ечимларни жорий қилиш бўйича аниқ таклиф ва режаларини баён қилдилар.
Мисол учун, Ломбардия вилояти билан ҳудудлараро ҳамкорлик дастурларини кенгайтириш, Ўзбекистонда газ тақсимоти тизимини ва Тошкент шаҳрида электр тақсимот тармоқларини модернизация қилиш, Тошкент иссиқлик электр станциясини технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, бир қатор заводлар қуриш, шу жумладан чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, калий хлорни тозалаш, калий гидроксиди, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, заъфарон плантацияларини кенгайтириш, “Ўзметкомбинат” АЖ ишлаб чиқариш қувватини ошириш, Турин политехника университети билан биргаликда Италия технология ва инновациялари марказини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар тўғрисида сўз юритилди.
Бундан ташқари, саноат учун кадрлар тайёрлаш юзасидан келишувларга эришилди.
Ўзбекистон етакчиси учрашувда айтилган ҳар бир ташаббусни комплекс “йўл харитаси”га киритишга кўрсатма берди. Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарларига италиялик ҳамкорларга мамлакатимиздаги жорий ва янги лойиҳаларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди.