Президент ёшлар билан мулоқот қилди

0
41
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июнь куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Йиғилиш аввалида ишлар самарадорлиги кўриб чиқилди. Охирги етти йилда ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёзлар берилгани қайд этилди.

Биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланган. Эҳтиёжманд оиладан бўлган яна 110 минг талабанинг шартнома тўлови тўлаб берилган.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали АҚШ ва Буюк Британиянинг энг нуфузли университетларини 50 нафар йигит-қиз битирди. Бугунги кунда уларда ўқиётган ватандошларимиз 200 дан ошди. Умуман, 110 минг ёшларимиз хорижда таҳсил олаяпти.

Президент мактабининг баҳолаш тизими 500 та мактабда жорий қилиниши натижасида бир йилнинг ўзида билимларни ўзлаштириш 53 фоиздан 60 фоизга ошди. Бу тизим янги ўқув йилидан яна мингта мактабда жорий қилинади.

Бу йил мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчи олтин ва кумуш медаллар билан битирди. “Катта бешлик” фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайди.

“Оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида берилган кредит эвазига 1 миллион ёш банд бўлди. 205 та “Ёшлар саноат зонаси”да 1 минг 200 та лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирда бизнесдаги айланма маблағини миллион доллардан оширган 1,5 минг нафар ёш тадбиркор бор.

Давлатимиз раҳбари ёшларда билим ва янги ғоялар кўплиги, уларга шароитлар янада кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан, улар қуйидагилар:

Мамлакатимиз жадал ривожланиши учун “тўртинчи саноат” касблари жуда муҳим. Шу мақсадда ёшларнинг физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим бўлади. Олий ўқув юртлари қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-Level” дастури жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.

“SAT” тестида 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар мамлакатимиз университетларига ҳам грантга қабул қилинади.

Ногиронлиги бўлган ёшларга чет тили бўйича миллий сертификат олишда компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади.

Ёшларимиз халқаро олимпиадаларнинг назарий қисмида ҳар доим юқори натижаларга эришса-да, лаборатория машқларини бажаришда пастроқ балл олаяпти. Шу боис энди Президент мактаблари агентлиги қошида Олимпиадаларга тайёрлаш маркази очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади. Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради. Бунинг учун ҳар бир фан бўйича малакали олим ва хорижий мутахассислар жалб қилинади.

Олий таълимнинг биринчи ва иккинчи курсларидаги фанлар техникумлар билан уйғунлашади. Техникумда яхши ўқиган ёшларга халқаро классификаторнинг тегишли даражасига мос келувчи диплом берилади. Уларга олийгоҳни иккинчи ёки учинчи курсдан ўқишни контракт асосида давом эттириш имконияти берилади. Касби бўйича малака даражаси ва икки йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан контракт асосида олий таълимга қабул қилинади.

Энди олий ўқув юрти, вазирлик ва корхоналарга тегишли лабораторияларнинг ягона онлайн платформаси яратилади. Бундай илмий марказлар Тошкент техника, Самарқанд ва Урганч давлат университетларида ҳам ташкил қилинади. Ёш олимлар тадқиқотлари учун керак бўлган ускуна, бутловчи қисм ва кимёвий воситалар бождан озод қилинади.

Бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшлар 50 мингдан ошди. Қўшилган қиймат яратиб, хизматларни экспорт қилаётган бундай ёшлар учун катта имкониятлар очиб берилади.

Хусусан, 1 августдан бошлаб, бу соҳада ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT-парк резиденти мақоми берилади. Улар уч йил муддатга барча солиқлардан озод қилинади. IT-парк томонидан уларга тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун “ижтимоий карта” берилади.

Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлиги тизимига ўтказилади. Лойиҳанинг тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнда кўмаклашилади. 14 та туман танлаб олиниб, “тўртинчи саноат” касбларига ўқитиш маркази очилади.

Жамғарма томонидан ҳудудлардаги Ёшлар саноат зоналарида бинолар қурилиб, “саноат ипотекаси” асосида юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда биринчи йили тўлов ундирилмайди.

Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида “Креатив саноат парклари” ташкил қилиниб, уларга IT-парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади. Бу жойлар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Жамғарма бу ердаги ёшларнинг “стартаплари”га уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради.

Магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бунда дастлабки 6 ойда ёшлар ижара ҳақи ва солиқ тўламайди.

Маълумки, йил бошида ҳокимлар, вазирлар ва давлат ташкилотлари раҳбарларига шароити оғир 4 миллион ўғил-қиз бириктирилган эди. Манзилли ишлаш натижасида, ҳаётда қийинчиликка дуч келган 420 минг ёшлар муаммоси ҳал этилди, 65 мингининг бандлиги таъминланди. Алоҳида эътиборга муҳтож 1 миллион ёшлар спорт билан шуғулланишни бошлади.

Шу тарзда, тарбияси оғир, оилавий ажрим ёқасидаги ва жиноятга мойиллиги бор ёшларни тўғри йўлга бошлаш зарурлиги таъкидланди.

Мактаб, коллеж, олий ўқув юртларининг стадионлари, спорт зали, бассейн ва кутубхоналари маҳалла ёшлари учун доим очиқ бўлиши белгиланди. Шунингдек, ёз мавсумида спорт мусобақалари, ижодий танловлар ва кино кунлари ўтказилиши айтилди.

Меҳнат ярмаркалари ташкил қилиниб, 350 минг ёшларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Шунингдек, 100 минг кишини қурилиш ишларига жалб қилиш мумкин.

Қизларга кўмаклашиш, шароитларини яхшилашга эътибор давом эттирилади. Оғир шароитга тушиб қолган хотин-қизлар учун барча ҳудудларда 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, “оёққа туриб олгунга қадар”, ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади.

Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизлар хонадонида касаначилик ёки масофавий иш билан таъминланади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.

Йиғилиш очиқ мулоқот шаклида бўлди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан қатнашган ҳамда чет элларда ўқиётган ёшлар ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Мутасаддиларга уларни умумлаштириб, фармон лойиҳасига киритиш топширилди.

– Ёшларимиз ҳаётда муносиб ўрнини топиши учун бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз. Сизлар мамлакатимизнинг ишончи ва таянчи, келажагимиз бунёдкорларисиз, – деди Президент.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.