Бугун Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев буюк қозоқ шоири Абай Қўнонбоев меросига бағишланган кўргазма доирасидаги экспозиция билан танишдилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Абай қозоқ халқининг асрий орзуларини, адолат, инсонпарварлик ва қардошлик ғояларини тараннум этган. Унинг шеърий асарлари ва ноёб “Насиҳатлар” китобига жамланган ҳикматли сўзларини ўқиб, XIX аср охирларида қозоқ даштларидаги турмуш ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Давлат раҳбарлари Қозоғистон музейларидан келтирилган ноёб экспонатлар, жумладан, Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига оид тарихий ашёлар, фотосуратлар, китоблар билан танишдилар.
Абайнинг уч торли дўмбираси, Қўнонбойнинг дўпписи, қўлёзмалари, адиб ва унинг оиласи тасвирланган фотосуратлар томошабинларда қизиқиш уйғотди.
Президентлар кўргазма билан танишиб, мамлакатларимиз маданий ҳаётидаги ушбу муҳим тадбирни тайёрлашга ҳисса қўшганларга миннатдорлик билдирдилар. Бундай тадбирлар дўстлик риштларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, ўзбек халқида қардош қозоқ халқининг тарихига қизиқиш ғоят баландлигидан далолат бериши таъкидланди.
Таъкидлаш жоиз, шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Абай Қўнонбоев меросига бағишланган маданий тадбирлар ўтмоқда.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари самарали музокаралар ўтказиб, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор ва истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.
Иттифоқчилик муносабатлари ва давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномалар имзоланди. Ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича умумий қиймати 8 миллиард долларлик ҳужжатлар, шартнома ва битимлар имзоланди.
Умуман, олий даражадаги музокаралар кун тартибининг кенглиги ва эришилган келишувларнинг аҳамияти бўйича икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очган тарихий воқеа бўлди.
Қардош Қозоғистон етакчисининг давлат ташрифи якунланди. “Тошкент” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.