Сабоқдош журналистларнинг 68-йил симфонияси

0
210
марта кўрилган.

Пойтахтдаги “Кўкча кошонаси”да Тошкент Давлат университети(бугунги ЎзМУ) журналистика факультетини 1973 йил битказган курсдошларнинг қутлуғ даргоҳга қадам ташлаганлигининг 50 йиллиги бўлиб ўтди. Шу санага бағишлаб  «Сабоқдош журналистларнинг 68-йил симфонияси» деган китоб ҳам чоп этилди. Ушбу китобдан курсдошларнинг курсдошлар ҳақидаги мақолалари, очерк, бадиа ва қатралари жой олган. 

Ушбу китоб билан танишиб, ўтган ярим асрда журналистика юксакликларга парвоз этганини ҳис қилиш мумкин.

Бундан эллик йил бурун  мамлакатимизда фақат Тошкент Давлат университетидагина журналист — мутахассислар тайёрланар эди. Ўша 1968 йилда факультетга атиги 25 нафар талаба қабул килинган бўлиб, кейинчалик берилган қўшимча ўринлар билан  сафдошлар сони ўттиз саккиз нафарга етганди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида журналистика факультетлари фаолият юритмоқда. Энг қувонарли янгилик шуки, яқиндагина Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилиб, келажакда журналистика  соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш борасидаги яна бир муҳим қадам ташланди. Ўттиз олти миллионлик аҳоли учун бу давр зарурати, талаби эди.

Мустақилликкача саноқлигина даврий нашрлар бўлган бўлса, ҳозир у деярли юз баробар кўпайди. Интернет журналистикаси пайдо бўлганлигининг ўзи улуғвор бир ҳодиса бўлиб, унга ҳам малакали кадрлар зарур. Дизайнер-журналист, журналист-блогерлар каби янги мутахассисликлар пайдо бўлди. Журналистикага ёндош Паблик рилейшнз (PR- жамоатчилик билан алоқалар) пайдо бўлди. Унга кўра ҳар бир ташкилотга матбуот котиби керак бўлади.

Яна сафдошларга қайтадиган бўлсак, 1973 йил битирувчилари орасида филология фанлари доктори, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналистлар Муҳаммаджон Обидов, Намоз Саъдуллаев, Раъно Зарипова, Комилжон Каримжонов, Тожикистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўринбой Усмонов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Султон Тўхтамов, Исмоил Махмуд, “Шухрат ” медали соҳиби Бекпошша Хўжаева каби ўз касбига, эл-юртга фидойилик билан хизмат қилиб келаётган сафдошлар бор.

«Сабоқдош журналистларнинг 68-йил симфонияси» китобини ўқисангиз сафдошлар билан янада яқиндан танишасиз.

“Истиқлол” нашриётида чоп этилган китобнинг ғоя муаллифи ва тўпловчиси Холмурод Алланазаров, махсус муҳаррири филология фанлари доктори, адиб Хуршид Дўстмуҳаммад.

Тадбиримиз ўтган сафдошларимизни хотирлаб, тиловат ўқишдан бошланди. Боқий оламга ўтган курсдошларимизнинг жойи жаннатда бўлсин. Улар ҳақида алоҳида ҳикоя қиламан. 

Раъно Зарипова

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.