Самарқандда биринчи Халқаро марафон ўтказилади

0
195
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида  Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан жорий йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия марафонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Самарқанддаги биринчи Халқаро марафон ўтказилишидан мақсад — маданият ва санъат объектларининг барча учун очиқлигини таъминлашдан иборат. 

Марафон ташкилотчиларининг таъкидлашича, бундай кенг миқёсдаги тадбир Ўзбекистонда илк марта ташкиллаштирилмоқда ҳамда марафонга Россия, Грузия ва бошқа давлатлардан мутахассисларнинг жалб қилиниши, унинг ҳақиқий халқлар маданиятини алмашишига замин яратади.

Лойиҳадан кўзланган мақсад – маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва мамлакатда спорт туризмини ривожлантиришдир.

Марафонга тажрибали ва ҳаваскор югурувчилар ҳам иштирок этиши мумкин. Спортчилар 21 км, 10 км ва 2 км масофага югуриб куч синашишлари мумкин.

Ташкилотчиларнинг айтишича, югуриш хайрия марафони кенг кўламдаги маданий дастурлардан иборат  ва эсда қоларли тадбирларга бой бўлади. Хусусан, инклюзив мавзуларга бағишланган таълимий тадбирлар, болалар ва катталар учун маъруза ҳамда маҳорат дарслари, спорт ҳақида ҳужжатли фильм намойиши, маҳаллий эстрада юлдузлари ҳамда Финляндия, Германия, Туркия ва Россиядан ташриф буюрган санъаткорлар  иштирокида концерт дастурлари ташкил этилади.

Марафондан тушган барча маблағлар Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлошарҳлар ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳаси амалга оширилишига йўналтирилади. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Бу эса, шубҳасиз, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларнинг маданий муҳит билан танишиш имкониятларини кенгайтириб, ижтимоий мослашишларида муҳим қадам бўлади.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси инклюзив муаммоларга бағишланган тадқиқотлар олиб бораётганини ҳам таъкидлаб ўтишди. Тадқиқот натижалари ярим марафоннинг таълимий дастури доирасида маълум қилинади.

Самарқанд ярим марафонида уч хил масофага югуриш бўйича рўйхатдан ўтиш 20 октябрга қадар давом этади. 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.