Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Илғор хорижий тажриба ҳамда синалган амалиёт асосида мамлакатимизда миллий солиқ тизими яратилди. Солиқлар сони ва ставкалари оптималлаштирилди. Қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Бунинг натижасида ўтган йили тадбиркорлар ихтиёрида жами 2 триллион сўм маблағ қолди.
2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалиётга татбиқ этилди. Бу ислоҳотлардан асосий мақсад – жорий ва келгуси йилларда иқтисодий барқарорликни таъминлашдир.
Йиғилишда бунинг учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бу орқали бюджет тушумларини мунтазам ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.
– Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш! Ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жойлардаги раҳбарларнинг эскича иш услуби, энергия ресурслари истеъмоли ва тўлови бўйича ҳисоб-китоб юритиши, тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ёндашуви танқид қилинди. Ўтган йили Мирзо Улуғбек, Ғузор ва Муборак туманларида фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлар сони ошгани кўрсатиб ўтилди.
– Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши керак, – дея таъкидлади Президент. – Иқтисодий барқарорлик асоси рақобатбардош тадбиркорларни кўпайтиришдир.
Йиғилишда жорий йил биринчи чоракда бюджетга солиқ тушумларини таъминлаш учун ҳокимлар бошчилигида, уларнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари, молия ва солиқ идоралари томонидан амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилди.
Аввало, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳамда фаолиятини тўхтатган корхоналарни тиклашга кўмаклашиш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун электр, газ, йўл, сув билан боғлиқ инфратузилмани яхшилаш, янгиларини барпо этиш зарур. Шу боис ҳокимиятлар томонидан ошириб бажарилган даромадлар, биринчи навбатда, ҳудудларда мавжуд инфратузилмани яхшилашга йўналтирилиши белгиланди.
Шунингдек, тайёр инфратузилмаси бор кичик саноат зоналарининг 263 гектар майдони ва 50 мингдан зиёд объектларидан самарали фойдаланилса, кўплаб янги қувватлар ташкил этиш мумкин. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан биргаликда шу борада манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир туман кесимида ресурс солиғи тўловчиларни ҳамда уларнинг объектларини ҳисобга олиш, иш ўринлари ва тадбиркорлар фаолиятини легаллаштириш бўйича ҳам топшириқлар берди.
Электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун қарздорликни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва бошқа жойларда дебитор қарздорлик кўпайгани, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида катта миқдорда талон-торожликлар аниқланаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг молиявий аҳволига салбий таъсир этиши билан бирга ҳудудлардаги тадбиркорларнинг электр ва табиий газ таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари бундай ҳолатларга чек қўйиб, электр энергияси ва табиий газдан қарздорликни қисқартириш, аҳоли ва тадбиркорларни ушбу манбалар билан узлуксиз таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзқурилишматериаллари”, “Ўзкимёсаноат” каби йирик корхона ва ташкилотлар бюджет кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатади. Эндиликда улардан тушумлар яқинда тузилган Йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси томонидан мустақил йиғилади.
Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига ўз комплекслари таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш бўйича кўрсатма берилди.
Бюджетга тушумларни оширишда яна бир муҳим йўналиш – давлат активлари. Ўтган йили давлат иштирокидаги корхоналар томонидан бюджетга жами 1,6 триллион сўм дивиденд тўланган, холос.
Шу боис мутасаддиларга давлат мулки объектларини, жумладан, ёғ-мой ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни хусусийлаштириш, йирик солиқ тўловчи субъектлар бўйича дивиденд тўлаш миқдори ва даврийлигини белгилаш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда берилган топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш учун вилоят ҳокимларининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари молия, солиқ, божхона, банк ва иқтисодий комплекс таркибидаги бошқа ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорларга муносиб шароит яратиш ва бюджет даромадларини ошириш бўйича доимий ишлаши зарурлиги қайд этилди.
Видеоселекторда яна бир муҳим масала – янги Солиқ кодексини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, ўтган йили солиқ тизимидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш бўйича Ишчи гуруҳ тузилган эди. Унинг ҳудудий тузилмалари томонидан бу борада манзилли ишлар олиб борилди.
Жорий йил 1 январдан мамлакатимиз солиқ тизимида 120 дан ортиқ янги қоидалар амалиётга киритилди. Бу қоидалар тўғри қўлланиши, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши учун ўзгаришлардан барча хабардор бўлиши керак.
Шу боис вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари бошчилигида иқтисодий комплекс идоралари ходимлари ва тадбиркорларни ўқитишни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Кодекснинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолдагина унинг сифатли ижросини таъминлашга имкон бўлади. Ундан ташқари, ҳужжатда кўзда тутилган қоидаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида барча туманларда давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тарғибот тадбирларини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. Оммавий ахборот воситаларида тарғибот бўйича медиа режа ишлаб чиқиб, биринчи чорак давомида барчага етказиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Янги кодексда солиқ органларига ҳам кўплаб вазифалар юклатилган. Уларни сифатли амалга ошириш учун солиқ ходимлари билим ва савиясини кескин ошириши, тадбиркорларга муносабатини тубдан ўзгартириши зарурлиги таъкидланди.
Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга халқаро тажриба асосида, тадбиркорлар билан муҳокама қилган ҳолда солиқ текширувлари ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда қурилишни молиялаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган объектларда қурилишни бошлаш ва лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилишни молиялаштириш тақиқланиши қайд этилди.
– Бугунги топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш иқтисодий комплексдан катта масъулият талаб этади. Шу боис бу йил ҳукумат ва ҳудудлар учун “иқтисодий комплексни сафарбар қилиш йили” бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Видеоселекторда соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, ҳокимлар белгиланган прогноз режаларни бажариш, тадбиркорликни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисобот берди.