Шавкат Мирзиёев: Юқумли касалликлар тарқалмаслиги учун огоҳ, ҳушёр, тайёр бўлишимиз керак

0
127
марта кўрилган.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри Чилонзор туманида барпо этилган Иккинчи перинатал марказни бориб кўрди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича миллий дастурлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 ноябрдаги қарорига мувофиқ репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга тиббий ёрдам сифати оширилиб, кўлами кенгайтирилмоқда.

Перинатал марказда илғор клиникалар тажрибаси асосида энг замонавий қулайликлар яратилган. Унинг биринчи қаватида кўп тармоқли поликлиника, юқори қаватларида беморлар хонаси ва умумий амалиёт хоналари, жумладан, чақалоқлар реанимация бўлими жойлашган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 140 та беморни даволаш мумкин.

Президентимиз тиббиёт марказида яратилган шароитлар билан танишди. Askdoctor.uz онлайн поликлиника дастури орқали шифокорлар билан мулоқот қилди.

— Коронавирус пандемияси кўзимизни очди. Тиббиётда ахборот технологиялари қанчалик муҳимлигини кўрсатди. Лекин бу бўйича шароитлар ҳам, ходимларнинг малакаси ҳам ҳали етарли эмас. Шу боис ривожланган давлатлар тажрибаси асосида дастур ишлаб чиқиб, телемедицинани жадал ривожлантириш керак. Бу вақт ва харажатни тежайди, эпидемиологик хавфсизликни ҳам таъминлайди. Яна юқумли касалликлар тарқалмаслиги учун огоҳ, ҳушёр, тайёр бўлишимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Масофавий технологияларни туман шифохоналари, қишлоқ поликлиникаларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш, тиббиёт ходимлари ва аҳолини ундан фойдаланишга ўргатиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Перинатал марказнинг 100 ўринли мажлислар залида юртимиз ва хориждаги мутахассислар билан видеоконференциялар ўтказиш имконияти яратилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур зални кўздан кечирди. Ҳар бир клиниканинг чет элда ҳамкори бўлиши кераклигини таъкидлади.

Марказ биноси инновацион қурилиш материаллари асосида сифатли ва энергия тежамкор қилиб барпо этилган. Шошилинч тиббий ёрдам ҳолатлари учун барча қулайликлар инобатга олинган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.