kun.uz хабаридан. 11 октябрь куни бошланиши режалаштирилган МДҲ саммитидан аввал Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг алоҳида тор доирада учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия Федерация президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга маълум қилган.
Ушаковнинг айтишича, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатларга тўхталиб ўтилиши белгиланган. Шунингдек, президентлар ҳарбий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳадаги келишувларни муҳокама этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва Давлат раҳбарлари кенгашининг бўлажак мажлисига тайёргарлик кўриш жараёнини муҳокама қилиш учун Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 10 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган йиғилишда қатнашади.