Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, барча даражада, жумладан, чегараолди ҳудудлар ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида мулоқот фаоллашгани кузатилмоқда. Ўзаро англашув ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, умумий тарих, маънавий ва маданий қадриятларга асосланган яхши қўшнилик алоқалари мустаҳкамланмоқда.
Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ ИМОМИЙ шулар ҳақида сўзлади.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамизда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида қўшни мамлакатлар билан алоқаларга устувор аҳамият қаратмоқда. Натижада минтақамизга янги ҳаёт шаббодаси кириб келди ва ҳукмронлик қилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан чегара масалаларини ҳал этаётгани эътирофга лойиқ. Ўзбекистон раҳбари энг аввало қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшнилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Ўтган қисқа вақтда минтақа мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида тарихий қадамлар ташланди. Бунда Ўзбекистоннинг қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтираётгани, Афғонистонга алоҳида эътибор қаратаётгани асосий омил бўлмоқда. Ўзбекистонда бугунги кунда кечаётган шиддатли ўзгаришлар халқаро миқёсда юксак эътироф этилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида ҳам чуқур ўзгаришлар юз берди. Икки томонлама ҳамкорлик барча комплекс масалаларни яхшилаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда. Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновлар тикланди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг мажлислари ўтказилди, давлатлараро чегараларни делимитация қилиш бўйича ҳукуматлараро делегациялар ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Шу билан бирга, турли соҳаларда, хусусан, маданий-гуманитар соҳадаги қўшма тадбирлар ҳам жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.
Шу кунларда мамлакатларимиз жуда катта сиёсий воқеа арафасида турибди. Мен буни тарихий воқеа деб атаган бўлардим. Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи амалга оширилади. Икки томон қизғин тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Тожикистонда ташрифга оид ташкилий масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала шахсан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон назоратига олинган.
Давлат ташрифи давомида ўнлаб муҳим ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Шу сабабли ҳам тайёргарлик ишларининг қамрови жуда кенглигини таъкидлашни истардим.
Бир нарсани очиқ айтаман, Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги қадим-қадимдан давом этиб келаётган дўстлик муносабатларида янги саҳифа очади. Ўзбек билан тожик икки тилда сўзлашувчи бир халқ. Бизни ўзаро ажратувчи жиҳатлар йўқ, халқларимизни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Уларнинг тафаккури, турмуш тарзи, эътиқоди ва қарашлари ҳам муштарак.
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқади, албатта. Имзоланадиган ҳужжатлар халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш, ўзаро борди-келдини кенгайтириш имкониятларини яратади. Виза режимини соддалаштиришга интилишлар ҳам шундан далолат бермоқда.
Икки мамлакат фуқароларининг бемалол борди-келдисини йўлга қўйиш мақсадида янги транспорт йўналишларини очиш ҳам режалаштирилмоқда. Мавжуд коммуникация имкониятларидан эмин-эркин фойдаланиш учун қўлдан келган барча ишлар амалга оширилади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси сўнгги бир йилда 80 фоиз ошди. Бу ўтган йилларга солиштирганда жуда катта ютуқдир. Яқин икки йил мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш кўзда тутилмоқда. Ўйлайманки, бу чегара эмас.
Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам иқтисодий соҳада катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Ўзбекистонда элчилик фаолиятимни бошлаганимдан кейинги даврда мамлакатингиз эришаётган катта-катта ютуқларга гувоҳ бўлдим. Иқтисодиётдаги муваффақиятларни ўз кўзим билан кўрмоқдаман. Ўзбекистон маҳсулотлари жаҳон бозорини забт этмоқда. Тожикистонда ҳам шундай имкониятлар бор. Ишонч билан айта оламанки, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси яқин келажакда юқори кўрсаткичларга эришади.
Ўтган йили Тошкентда Тожикистон маданияти кунлари, Душанбеда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Ҳеч бир муболағасиз айтиш керакки, бу тадбирлар халқларимизнинг дўстлик байрамига айланиб кетди. Анжуманларда икки халқ бир-бирининг миллий мусиқа санъатини юксак қадрлаши яна бир бор намоён бўлди. Шахсан ўзим Тошкентдаги Тожикистон маданияти кунларида халқларимиз бир-бирини жуда ҳам соғинганига бевосита гувоҳ бўлдим.
Биз, дипломатлар, давлат идоралари раҳбарларининг зиммасидаги энг муҳим вазифа – халқларимизнинг бир-бирига қучоқ очиб боришига, янада яқин мулоқот қилишига ҳисса қўшишдан иборат.
Биз ўсиб келаётган ёш авлод онгига асрлар оша мерос бўлиб келаётган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ғояларини сингдиришимиз керак. Бу масалада ОАВнинг роли жуда катта. Шу сабабли барча матбуот ходимларига мурожаат қилиб, халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик, яхши қўшниликка алоҳида эътибор қаратишини сўрардим.
Тожикистон оммавий ахборот воситаларида дўст Ўзбекистонда юз бераётган оламшумул воқеаларга катта эътибор қаратилмоқда. Улар дўстлик, яхши қўшнилик руҳида ёритилмоқда. Мисол сифатида айтадиган бўлсам, яқинда 23 ёшгача бўлган ўзбекистонлик футболчилар Осиё чемпионатида ғалаба қозонди. Тожикистондаги иккита телеканал бу мусобақани тўғридан-тўғри эфирга узатди. Тожик халқи Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг шодлигини биргаликда баҳам кўрди. Тожикистон марказий телеканалларида Душанбедаги Ўзбекистон маданияти кунлари ва Тошкентда ўтказилган Тожикистон маданияти кунлари тадбирлари тез-тез намойиш этилиб турибди.
Манба: ЎзА