Ўзбекистон Республикаси Президентига спорт соҳасидаги йирик тадбирлар ва режалар ҳақида ахборот берилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Юртимизда спорт анча ривожланиб бормоқда. Футбол, волейбол, бокс, кураш, шахмат, теннис, оғир ва енгил атлетикаларнинг кўплаб турлари оммалашган. Давлатимиз раҳбари ғояси билан ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” ёш авлод орасида жисмоний маданиятни янада кенг ёйишга хизмат қилмоқда.
Тақдимотда оммавий спорт, этноспорт ва гимнастикани ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Хусусан, “Беш ташаббус олимпиадаси”даги спорт турлари сонини 9 тадан 12 тагача кўпайтириш ҳамда илк бор ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ҳам 5 та йўналишда ўтказиш таклиф қилинмоқда. Ҳар йили Наврўз байрами арафасида Сурхондарёда ўтказиб келинаётган халқаро чавандозлар мусобақасини юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил қилиш мўлжалланмоқда. Яккакурашлар бўйича салоҳиятни тўғри йўналтириш мақсадида барча спорт мактабларида қўл жанги тўгаракларини очиш белгиланмоқда.
Маълумки, 2022 йил 25 майда Президентнинг “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда, жумладан, Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро этноспорт фестивали ўтказилиши белгиланган.
Илк фестивални жорий йил 7-10 сентябрь кунлари Ичан қалъада ўтказиш режалаштирилмоқда. Унинг доирасида халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари, ҳунармандчилик кўргазмалари, қовун сайли, ош пишириш чемпионати, саҳналаштирилган дастурлар бўлиб ўтади.
Давлатимиз раҳбари фестивалга юқори даражада тайёргарлик кўриш, иштирокчилар ва туристларга барча қулайликларни яратиш, Хива шаҳрида “Халқаро этнофестиваль боғи”ни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги қарорига мувофиқ, гимнастика спорт турларини ривожлантириш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилмоқда. Улар ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаси ҳисобланади, битирувчиларга мураббий ва селекционер мутахассислиги бўйича диплом берилади. Ҳозирда марказлар учун бинолар қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳалар ишланмоқда. Мазкур спорт муассасалари 2024/25 ўқув йилидан фаолият бошлайди.
Давлатимиз раҳбари бу марказларда спортчиларни тайёрлаш бўйича энг илғор услубларни жорий этиш, диетологияни ривожлантириш, ўқувчиларнинг қатновига қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.