Италиянинг Неаполь шаҳридаги Универсиада-2019 ўйинларида делегациямизга навбатдаги совринни теннисчи йигитларимиз тақдим этишди, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати. Эркаклар ўртасида жуфтлик баҳсларининг финал ўйинида кореялик Сеочан Ҳонг ва Санҳуи Шинга қарши баҳс олиб борган юртдошларимиз Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиев Универсиаданинг олтин медалини қўлга киритишди.
Кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган финал ўйинининг биринчи сетида 7/6 ҳисобида вакилларимиз ғалаба қозонган бўлса, иккинчи сетда 6/4 ҳисобида кореяликлар устунлик қилишди. Тай-брейк (қўшимча гейм)да 10/5 ҳисобида зафар қучган Шуҳрат Қаюмов шогирдлари Ўзбекистоннинг Универсиада ўйинлари тарихидаги теннис бўйича илк медалини қўлга киритишди.
Теннис бўйича миллий терма жамоамиз аъзолари бўлган Санжар Файзиев Ўзбекистонинг учинчи, Ҳумоюн Султонов бешинчи ракеткачиси ҳисобланади. Жаҳон рейтингида улар мос равишда 310- ва 380-ўринни эгаллаб туришибди.