Мамлакатимиз Президентининг тегишли Фармони билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Ушбу ҳужжат келгуси беш йилда мамлакатимизда «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Таъкидлаш жоизки, Тараққиёт стратегияси сўнгги йилларда мамлакатимиздаги тизимли ижобий ўзгаришларнинг асосий ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилган «Ҳаракатлар стратегияси»ни ҳаётга татбиқ этиш натижасида келиб чиққан хулосалар ҳамда тўпланган улкан тажриба ва самарали хулосалар натижалари ҳамдир.
Тараққиёт стратегияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганлиги, муҳокамалар жараёнида халқимиз томонидан билдирилган 17,5 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, лойиҳага 100 га яқин концептуал ҳамда 200 дан зиёд аниқ характерга эга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигининг ўзи ҳам бу муҳим ҳужжат қай даражада халқчил эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Шу ўринда инсон қадрини юксалтириш, эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш энг олий қадрият сифатида қаралган ушбу ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаларида Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, комиссиялар, депутатлар ва Ёшлар парламенти аъзолари ҳам ўзларининг асослантирилган таклиф ҳамда тавсиялари билан фаол иштирок этди.
«Инсон – жамият – давлат» деган тамойил асосида шакллантирилган «Инсон қадри учун», «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган бўлиб, 7 та устувор йўналиш юзасидан кейинги беш йилда 100 та мақсад ва 398 та вазифани амалга ошириш кўзда тутилган.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида бешта устувор йўналиш бўйича ҳар йили қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилган давлат дастурларининг ижроси натижасида Янги Ўзбекистон пойдеворининг тамал тошлари қўйилди.
Энг муҳими, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар Олий Мажлис палаталари фаолиятида ҳам муайян ижобий натижаларга эришилиши учун замин яратди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан мамлакатда демократик ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталарига қўшимча ваколатлар берилди.
Биринчидан, ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси бўйича парламент олдида ҳар чоракда ҳисобот бериши амалиёти йўлга қўйилди.
Шунга мувофиқ, Қонунчилик палатасида ҳамда унинг қўмиталари ва сиёсий партиялар фракциялари мажлисларида ҳукуматнинг тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботи ҳар чоракда кўриб борилаётганлиги белгиланган вазифаларнинг изчил бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Иккинчидан, Олий Мажлиснинг фаолиятига ҳукумат иши устидан парламент назоратининг муҳим тури – мунтазам равишда ўтказиладиган «ҳукумат соати» институти жорий этилди. Мазкур институт парламент назорати фаолиятига янгича руҳ олиб кирди. Зеро, бу жараён жойларда аҳолини ташвишга солиб келаётган қатор муаммолар ва масалаларни ҳал этишда ижро этувчи ҳокимият ҳамда парламент ҳамкорлигининг энг самарали усулига айланди.
2021 йилда 7 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилиб, уларда ҳукуматнинг жами 8 нафар аъзоси халқ вакилларининг долзарб масалаларга доир саволларига атрофлича жавоб берди.
Учинчидан, ижро ҳокимиятининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириш ҳамда Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш тартибини янада демократлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан ҳукумат аъзолари номзодларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди.
2021 йил давомида ҳукумат аъзолигига 9 нафар номзод Қонунчилик палатасининг мажлисларида кўриб чиқилди. Номзодларнинг муайян соҳани ривожлантириш бўйича яқин муддатга ва истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури билан депутатлар олдида чиқиш тизими йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида, парламент назоратининг самарадорлигини ва депутатлар корпусининг ҳам масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Тўртинчидан, парламент назорати объектлари қаторига хўжалик бошқаруви органлари ҳам киритилди. Шундан келиб чиқиб, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига ҳам парламент сўровини юбориш институтидан фойдаланиш натижадорлиги кенгайтирилди.
Бешинчидан, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини Ўзбекистон томонидан бажаришга, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги кўрсаткичларини янада яхшилашга доир режалар ижросини назорат қилиш ҳам парламент амалиётига кириб келди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўтган даврда депутатлар корпуси парламент назоратининг анъанавий институтларидан ҳам самарали фойдаландилар.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 2021 йил давомида 16 та парламент сўрови юборилди. Уларнинг натижасида ижтимоий, соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш соҳаларидаги, шунингдек аҳолини ташвишга солаётган ва қийнаб келаётган бир қатор муаммолар ҳал қилинди. Қуйи палата мажлисларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг 23 маротаба ахбороти «парламент эшитуви» тартибида эшитилди, мансабдор шахсларга 462 та депутат сўрови юборилди.
Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан ўтган йилда 19 та қонуннинг ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.
Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги парламент назорати йўналишидаги фаолиятини янгича мазмун-моҳият билан бойитиш, амалий натижадорликка эришиш, парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралди.
Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йилда жами 160 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, 96 та қонун қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди. Жумладан:
ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди;
аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нархлар барқарорлигини сақлаб қолиш ҳамда бу борада ҳукуматни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар беришга қаратилган қатор қонунлар қабул қилинди;
ер муносабатларини тартибга солиш, ердан самарали фойдаланишга қаратилган «Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги «Деҳқон хўжаликлари тўғрисида»ги, «Томорқа хўжаликлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди;
хавфсизликни таъминлаш соҳасида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги, «Транспорт тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди;
суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларига такомиллаштиришга қаратилган «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қатор қонунлар қабул қилинди.
Тараққиёт стратегиясида мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ролини ошириш борасида кўрсатиб ўтилган мақсадларга эришишда ҳамкор мамлакатлар билан ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, йирик халқаро тадбирларда Ўзбекистоннинг позициясини ҳамда умумжаҳон миқёсидаги ташаббусларини илгари суриш, парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари бундан буён ҳам парламентнинг доимий эътиборида бўлиб қолади.
Ушбу йўналишда Парламентлараро Иттифоқ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси билан амалий ҳамкорлик режалари тасдиқланиб, бугунги кунда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясида Олий Мажлиснинг халқаро ҳамкорлик ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини амалга оширишнинг стратегик мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари, принциплари ҳамда механизмлари белгиланган.
Бугун Қонунчилик палатаси халқаро йўналишдаги ишининг натижадорлиги ошиб, халқаро алоқалар географияси кенгайди.
Агар 2019 йилда Олий Мажлисда хорижий давлатлар парламентлари ҳамда Европа Иттифоқи парламенти билан жами 28 та парламентлараро гуруҳ тузилган бўлса, бугунги кунда ушбу парламентлараро гуруҳлар сони 52 тага етди ва «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлик қўмитаси ҳузурида Олий Мажлис делегацияси ташкил этилди.
Ҳозирги вақтда Олий Мажлис халқаро алоқаларининг кенг кўламли дастури мамлакатимиз ташқи сиёсий йўлининг муҳим таркибий қисми бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳам икки томонлама шартномалар йўналиши бўйича, ҳам халқаро парламентлараро ташкилотларида дадил илгари суриш имконини бермоқда.
Қайд этиш жоизки, Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар ва жорий йил бўйича қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг жорий йилдаги устувор йўналишларини белгилашда, аввалги йиллардан фарқли равишда бутунлай янгича ғоя ва мақсадлар асосида ёндашилди.
Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишларини ишлаб чиқишда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида, шунингдек мамлакатимиз Президентининг қатор дастурий маърузалари, фармонлари ва қарорларида белгиланган устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, парламент назоратига доир фаолиятини кучайтириш, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, парламент вакилларининг халқ билан доимий мулоқотини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш каби устувор мақсад ва вазифалар акс эттирилган.
Шунингдек келгусидаги фаолиятимизнинг асосий йўналишлари сифатида Қонунчилик палатаси фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, депутатларнинг ўз сайловчилари билан тўғридан-тўғри алоқада бўлиш имконини берувчи алоҳида электрон платформани ишга тушириш ва уни такомиллаштириб бориш ҳамда халқ вакилларининг жамият ҳаётидаги энг муҳим масалаларни ҳал этишдаги иштирокини янада кучайтиришга доир бир қатор вазифалар белгиланган.
Тараққиёт стратегиясида қонун ижодкорлиги ва парламент назорати жараёнларида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият берилган.
Парламент фаолиятида ҳам мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланиб, қонун лойиҳалари муҳокамасида жамоатчилик иштироки кенгайтирилмоқда.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг барча мажлисларини «Ўзбекистон» ва «Ўзрепорт» телеканалларида ҳамда Қонунчилик палатасининг «YouTube»даги расмий саҳифаси орқали жонли тарзда ёритиш амалиёти йўлга қўйилди.
Парламент фаолияти тадбирларининг тўғридан-тўғри эфирга узатилаётганлиги натижасида фуқаролар томонидан билдирилган кўплаб таклиф ва фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳаларини янада такомиллаштиришга, шунингдек Қонунчилик палатаси фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда ҳукумат аъзолари, ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги даражасини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Медиа маконининг талаблари ва эҳтиёжларига мос тарзда «Facebook», «Telegram» ва «Instagram» каби ижтимоий тармоқлар ҳамда «YouTube» видеохостингида «Oliy Majlis Qonunchilik palatasi» номли расмий саҳифалар очилганлиги палата фаолиятига оид холис, ишончли ахборот тарқатилиш имкониятини бермоқда.
Тараққиёт стратегиясида «Электрон парламент» доирасида депутатларни ўз сайловчилари билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш масалалари бўйича ҳам вазифалар белгиланган.
Бу борада Қонунчилик палатасида депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш, шу жумладан улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, амалга оширилаётган ишлар, кўриб чиқилаётган ҳужжатлар ва сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш имкониятини берадиган «Қонун ижодкорлиги фаолияти тизими» www.qonun.gov.uz ҳамда «Депутатлар портали» www.deputat.gov.uz ахборот тизими ишга туширилди.
Бугунги кунда айнан депутатлар одамларни безовта қилаётган долзарб масалалар бўйича жамоатчилик билан олиб борилаётган фаол мулоқотнинг ташаббускори бўлмоқда. Қонунчилик палатаси томонидан қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини, уларни амалда қўллашнинг ўзига хос хусусиятларини аҳолининг турли қатламларига тушунтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Қонунчилик палатаси фаолиятида электрон ҳужжат айланиши тизими йўлга қўйилган бўлиб уни янада такомиллаштириш устида ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, «Электрон парламент» тизимини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Келгусида ушбу йўналишдаги ишлар янада ривожлантирилади.
Тараққиёт стратегиясида белгилаб олинган мақсадлардан келиб чиқиб, халқ депутатлари Кенгашларининг ҳудудлардаги ислоҳотлар жараёнидаги ролини кучайтириш мақсадида халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида айрим депутатларнинг доимий асосда ишлаши тартиби ҳамда «Рақамли халқ депутатлари Кенгаши» лойиҳаси доирасида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига замонавий ахборот технологиялари жорий этилади.
Қабул қилинган Давлат дастурида ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилишда ҳудуддан сайланган депутатларнинг иштирокини кучайтириш, парламент назоратини биргаликда амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталари томонидан келишилган ҳолда қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижросини жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда таъминлаш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Давлат дастурида депутатлар фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги ишларни янада ривожлантириш масалалари алоҳида белгилаб қўйилган.
Жумладан «Ҳукумат соати»ни ўтказиш доирасида ҳукумат аъзоларига онлайн равишда фуқаролардан келиб тушаётган тизимли муаммолар бўйича депутатлар томонидан саволлар бериш тартиби жорий этилади. Парламент палаталари аъзоларининг сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориши, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш, фуқароларнинг парламентда муҳокама қилинаётган ҳар бир масаладан хабардор бўлишини таъминлаш, сайловчилар билан «қайта алоқа» имкониятларини янада кенгайтирилади.
Давлат раҳбарининг ғояларидан келиб чиқиб, депутатлар учун парламент қуйи палатасида замонавий, қулай ва мутлақо янгича қиёфадаги «Парламент кутубхонаси» ташкил этилди. Бугунги кун андозаларига мос тарзда қурилган ушбу Парламент кутубхонаси замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланди ҳамда кутубхона фонди янгидан-янги сиёсий ва бадиий адабиётлар билан тўлдирилди. Келгусида ушбу кутубхонанинг имкониятлари янада кенгайтирилади.
Депутатларнинг сайлов округида сайловчилар билан тизимли мулоқотини кучайтириш, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида депутатлар ташаббуси билан депутат ёрдамчиси институти жорий этилди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Шундан келиб чиқиб, келгусида халқ вакилларининг ўз сайловчилари билан янада яқинлаштириш, сайловчиларнинг кайфиятидан доимий равишда хабардор бўлиб туриш мақсадида депутат ёрдамчилари фаолияти такомиллаштирилади.
Депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини жонлантириш долзарблигича қолади. 2021 йилда депутатлар ташаббуси билан атига 12 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қуйи палатага кўриб чиқиш учун киритилган. Бу кўрсаткич жуда оз ҳисобланади. Шу сабабли депутатларни бундай имкониятдан кўпроқ фойдаланиши учун тегишли чоралар белгиланади.
Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари билан уларнинг марказий Кенгашлари, маҳаллий Кенгашлар ва ундаги депутатлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожлантирилади. Бунда, ҳар йили парламентнинг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлиги бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади, «Қонунчилик палатаси депутати – унинг ёрдамчиси – маҳаллий Кенгаш депутати» тизими асосида қонун лойиҳалари бўйича фикрлар ва таклифларни олиш, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари мажлисларида, парламент назорати тадбирларида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари вакилларининг иштирок этиши, уларнинг фикрларини олиш, қабул қилинган парламент қарорлари ижросини жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда таъминлаш амалиёти йўлга қўйилади.
Қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш сифатини яхшилаш мақсадида Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида тузилган экспертлар гуруҳлари имкониятларидан кенг фойдаланилади, шунингдек, сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари мажлисларида ҳар бир қонун лойиҳасини номигагина эмас, балки бир неча бор том маънодаги принципиал муҳокамалардан ўтказиш амалиёти давом эттирилади.
Парламентнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Парламент ва Ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишларни янги йўналишда ташкил этиш мақсадида Қонунчилик палатасининг Спикери ҳамда Бош вазир томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларини маромига етказиш борасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан Қонунчилик палатаси қўмиталари аъзолари ва Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмалари ходимлари иштирокида туркум семинарлар ўтказиш» жадвали асосида Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари вакиллари иштирокида туркум семинарлар ўтказилди.
Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш бўйича ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурларида белгиланган устувор вазифаларнинг самарали бажарилишида ҳам парламент назорати муҳим ўринга эга эканлигидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси томонидан ушбу йўналишдаги фаолияти янгича ёндашувлар асосида амалга оширилади.
Жумладан, келгусида Ҳукумат, давлат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг қурилиш, туризм ва спорт, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида, қишлоқ ва сув хўжалигида, ҳунармандчилик, пиллачилик ва қоракўлчилик йўналишларида ҳамда инвестиция дастурлари доирасида 6 миллионга яқин янги иш ўринларини яратиш, таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш дастурини амалга ошириш, республиканинг ҳар бир ҳудуди бўйича экологик вазиятни яхшилаш, санитар тозалаш ишларини тизимли йўлга қўйиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, жумладан, аҳоли массивларида «яшил боғлар» ҳамда «яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш борасидаги фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга, шунингдек аҳолини экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга устувор аҳамият қаратилади.
Хулоса қилиб айтганда, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси нафақат мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланиб, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланишида, мамлакатимизни модернизация қилишда ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Халқ сайлаган вакиллар орқали фуқаролар манфаатларини ифодаловчи ҳақиқий демократик орган сифатида шаклланган, давлат ҳокимияти органлари тизимида муносиб ўрин эгаллаган парламент келгусида ҳам Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашнинг фаол иштирокчиси бўлиб қолади.
Нуриддинжон ИСМОИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери
Манбаа: parliament.gov.uz