Тошкентдаги туманлардан бирига биринчи марта аёл раҳбарликка тайинланди

0
347
марта кўрилган.

Нилуфар Аллабергенова Яккасарой тумани ҳокими лавозимида иш бошлади. Аллабергенова Нилуфар Анваровна 1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Қатор маъсулиятли вазифаларда, шу жумладан, турли йилларда Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2019 йилдан шу кунга қадар Яккасарой тумани прокурори сифатида фаолият юритган.

Яккасарой туман ҳокимлигида Халқ депутатлари Яккасарой тумани Кенгашининг II чақириқ навбатдан ташқари саксон тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков, Тошкент шаҳар “Нуроний” жамғармаси раиси, сенатор Рустам Каланов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, Тошкент шаҳар сектор раҳбарлари,  туман ҳокими ўринбосарлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда Яккасарой тумани Кенгаш депутатлари, туман фаоллари ва маҳалла раислари иштирок этдилар.

Сессияда ташкилий масала кўрилиб, Нилуфар Аллабергенова Яккасарой тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу Тошкентдаги туманлардан бирига биринчи марта аёл раҳбарлик қилиши ҳисобланади. Сенат раиси Танзила Норбоева Яккасарой туманининг аёл ҳокимини қутлади.

Сессия давомида Сенат раиси Танзила Норбоева депутатлар билан очиқ мулоқот ташкил этиб, мулоқот давомида депутатлар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Яккасарой тумани ҳокими вазифасида фаолият юритган Анвар Сайфутдиновнинг фаолияти давомида туманда олиб борган ўзгаришлар, аҳоли турмушида фаровонликни таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этиб, Яккасарой тумани ҳокими лавозимига тайинланган Нилуфар Аллабергеновага бу йўлдаги ишларни кенгайтириб, аҳолига қулайликлар яратишдаги ишларига омад тилаб қолинди.

Яккасарой туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.