Тожикистонда старт олган велошоссе бўйича Осиё чемпионатининг биринчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли бошланди. Илк куннинг ўзида жамоа олтин медал соҳиби бўлди.
Аёллар беллашувида 24 км масофага кечган жамоавий пойга йўналишида юртимиз қизлари энг яхши натижа қайд этишди. Янина Кускова, Маргарита Мисюрина, Шаҳноза Абдуллаева ҳамда Анна Куликовадан иборат жамоамиз масофани 32:14.911 дақиқа ичида босиб ўтишди.
Фахр билан шуни айтиш мумкинки, юртимиз терма жамоаси мазкур йўналишда биринчи бор Осиё чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлишди.
Иккинчи ўрин Қозоғистон терма жамосига насиб этди. Эронлик велоспортчилар кучли учликни якунлаб беришди.
Мусобақа давом этади. Чемпионатда иштирок этадиган бошқа спортчиларимизга ҳам омадлар тилаймиз.
Ж. САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.