Хайр Токио, ассалом Париж!

0
150
марта кўрилган.

Инсоният 5 йил кутган Токио-2020 XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ўз якунига етди. Унда 206 делегация вакиллари қатори ҳамюртларимиз ҳам медаллар учун муросасиз кураш олиб боришди.

Мусобақа давомида унутилмас қувонч тақдим қилган ғалабалар қатори аламли мағлубиятлар ҳам бўлди. Бу спорт, унда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён. Буни тўғри қабул қилиш керак. Асосийси, атлетларимиз охирги кучларигача курашишди, юртимиз шаънини мардларча ҳимоя қилишди.

Бу Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин ва 2 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 32-ўринни эгаллади. Осиё давлатлари орасида Хитой, Япония, Корея Республикаси ва Эрон каби етакчи спорт державаларидан кейин бешинчи, МДҲ мамлакатлари орасида Россия Олимпия қўмитасидан кейин иккинчи, туркий давлатлар орасида ва Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлдик. Шубҳасиз, бундай натижа Янги Ўзбекистон учун, яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси учун муносиб совға бўлади.

Токио-2020 Олимпия ўйинларида ҳар бир спортчимизнинг иштироки ҳақида жуда кўп тўхталиб ўтиш мумкин. Рекордчимиз Акбар Жўраев, Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг ёш Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов, байроқдоримиз, исми жисмига мос Баҳодир Жалолов, дзюдомизнинг бугунги юлдузи Давлат Бобонов, тўйига тўёна қилган Бекзод Абдураҳмонов тилларда достон. Шунингдек, Оксана Чусовитина, Муаттар Набиева, Сафина Садуллаева, Турсуной Раҳимова, Ольга Забелинская, Никита Рафалович, Дилноза Раҳматова, Зайнаб Дайибекова каби атлетларимизнинг иштироки, кучлилар қаторига киргани ва уларнинг шижоатини ҳам алоҳида айтиб ўтиш мумкин.

Президентимиз доимо спортимиз ривожи ҳақида қайғуриб келган, атлетларимиз учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Биз бугун Токиода эришган ютуқлар ҳам Президентимиз ва ҳукуматимиз эътиборининг меваси.

Айни дақиқаларда Токио-2020 Олимпия ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Насиб қилса, 3 йилдан сўнг Париж-2024 Олимпия ўйинларида ўзбек спортининг Олимпиадалардаги зафарли юриши давом этади. Бунга Токиода ёшларимиз бизни ишонтира олишди. Унутилмас хотиралар учун раҳмат Токио, янги ғалабаларимизни қарши ол, Париж, деб қоламиз!

Токио-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этган делегациямиз 9 август куни соат 20:00 да махсус чартер рейси орқали юртимизга етиб келади.

Манбаа: Olympic. uz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.