2022 йилнинг 15 апрель куни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлис кун тартиби доирасида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг низоми, 2022 йилги иш режаси, Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш Дастурини тасдиқлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил март ойида хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлари ижросининг бориши муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш долзарб аҳамият касб этади.
Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди.
Ушбу йўналишда ягона ёндашув асосида вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси тузилди.
Мазкур фаолиятни қуйи тизимгача йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий Кенгашларда ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши белгиланди.
Комиссия асосий вазифалари қаторида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назоратни амалга оширади ҳамда мониторингини олиб боради.
Шу билан бирга, Комиссия Миллий дастур ва уни амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда тегишли вазирлик ва идораларга, ҳудудларга кўмаклашади ва қатъий назорат ўрнатади.
Мажлисда Комиссиянинг фаолиятини ташкил этиш бўйича Низом ва унинг 2022 йилги иш режаси муҳокама этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида ҳамда Миллий дастурда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича белгиланган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлашга кўмаклашиш, таҳлил қилиб бориш, ҳудудий комиссиялар ишини тўғри ва самарали ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида Республика комиссия аъзолари ҳудудларга бириктирилганлиги қайд этилди.
Мажлисда, шунингдек, давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган дастур лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши 27 фоизни ташкил этмоқда. Раҳбарлик лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар улуши эса 10 фоизга ҳам етмайди.
Бу борада раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури ишлаб чиқилди. Эндиликда мазкур дастур асосида ҳар йили камида 100 нафар хотин-қиз Давлат бошқаруви академиясида ўқитилади.
Комиссия мажлисида 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ижросига ҳам эътибор қаратилди. Дастурда ижро муддати келган бандлар бўйича масъул вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Ушбу йўналишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда тезкор чораларни кўриш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Комиссия мажлисида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати