Мана бир неча йилдирки, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 2-сонли Болалар мусиқа санъат мактаби (БМСМ) “Тасвирий санъат” бўлимининг “Амалий санъат” йўналишида ёшларга сабоқ бериб келмоқдаман.
Ёшлигимдан тасвирий санъатга бўлган қизиқишим мени шу касбни танлашимга сабаб бўлди. Республика “Соғлом авлод” газетаси саҳифаларида ўз ижодий ишларим билан бир неча бор қатнашиш бахтига муяссар бўлганман. Ўша даврда газетанинг бош муҳаррири Раъно опа Зарипованинг кўрсатмалари билан мақола ва ҳикояларнинг мазмунидан келиб чиқиб сурат чизиб берар, ҳар бир ишимдан завқланардим…
Ҳозир болаларга дарс бераётиб ўзимнинг завқланиб руҳланиб расм чизган пайтларимни эслайман. Санъат инсонга эстетик завқ бағишлаши билан бирга маънавиятини юксалтиради. Билимининг ошиши, дунёқарашининг ўсишида муҳим аҳамиятга эга. Болажонлар ҳаётга, унда кечаётган воқеаларга ўзларининг беғубор тасаввурлари билан ёндошадилар. Бу уларнинг ижодий ишларида акс этади. Уларни кузатганимда болаликнинг беғубор дунёсига тушиб қоламан.
Ўқувчиларни табиатда кечаётган ўзгаришлар, фасллар алмашинувининг ўзига хосликлари ниҳоятда қизиқтириши табииий. Мен ҳам ҳар бир дарс жараёнини янгиликлар билан бойитишга, ўқувчиларни қизиқтираётган саволларга индивидуал жавоб беришга ҳаракат қиламан. Мактабимизда тез-тез ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўргазмасини ўтказиб турамиз. Бунда менга мактабимиз директори Бекпошша Ёқубова ҳамда директор ўринбосари Дилрабо Ражабовалар яқиндан ёрдам беришади. Ижодий танловлар болаларга янада кўпроқ ижод қилишга, янгиликларга интилишга туртки беради. Иқтидорли болалар билан ишлаш ўзимга ҳам завқ беради, ҳам касбимга бўлган меҳримни янада оширади.
Ўқувчиларимиз ҳар йили мактабимизда, шаҳар ва вилоят миқёсида турли мавзуларга бағишлаб ўтказиладиган ёш ижодкорлар кўрик-танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.
Масалан, 2018 йилда Белоруссия давлатининг Минск шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган халқаро кўрик-танловнинг “Золотая пчёлка” танловида мактабимиз ўқувчиларидан Ихтиёр Исмоилов, Азиза Азимова, Заҳро Шарифбоевалар ижодий ишлари билан фаол иштирок этиб, танлов дипломини қўлга киритдилар.
Яқинда Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар ва ўсмирлар марказида шаҳар, туман мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Она диёр ранглар жилосида” кўрик-танловида хакам сифатида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Урганч Давлат Университети ва ихтисослашган мактаблар педогогларидан иборат ҳакамлар гуруҳининг энг ёш иштирокчиси бўлдим. Устозлар даврасида бўлиш менга катта руҳият ва куч қувват берди. Биргаликда ижодкор ўқувчиларнинг ижодий ишларини кузатиб бордик.
Болажонлар томонидан она-диёримизда кечаётган янгиликлар, янги услубда қурилиб қад кўтарган бетакрор бинолар, шаҳримизнинг гўзал масканлари, манзаралари акс эттирилган ижодий ишларнинг ҳар бири муносиб баҳоланди.
Хуршида ХЎЖАМУРОТОВА, ўқитувчи