Йўловчи вагонлари ва соҳадаги янги лойиҳалар кўриб чиқилди

1
59
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводини бориб кўрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимизда темир йўл транспорти ривожланиб, қатновлар сони кўпаймоқда. Бу вагонларга бўлган талабни ҳам оширади. Мазкур заводда 16 турдаги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади. 

Ўтган йили корхонада 32 та йўловчи вагони тайёрланиб, 319 таси таъмирланган. Муҳими, кооперация орқали эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилган.

Умуман, аввалги йилларда 300 дан зиёд йўловчи ва техник хизмат вагонлари ишлаб чиқарилиб, 50 дан ошиғи экспортга юборилган. Бундан ташқари, 112 та метрополитен вагонлари модернизация қилинган.

Улар 28 йил давомида фойдаланишга мўлжалланган ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради, йўловчилар учун ҳар томонлама қулай, юқори сифат ва хавфсизликка эга. 

Вагонларда иситиш ва совутиш тизимлари, ҳаво айланиши янада яхшиланган. Сув иситиш ускунаси ҳам электр энергиясида, ҳам кўмирда ишлашга мўлжалланган. Йўловчиларни тоза ва салқин ичимлик суви билан таъминлаш, телефон қувватини тўлдириш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Бу ерда 619 нафар муҳандис-ишчи меҳнат қилмоқда.

Президентимиз вагонларга чиқиб кўрди. Уларнинг дизайнини ўзгартириш, йўловчиларга қулайликларни ошириш зарурлигини таъкидлади. Электр поездлар тармоғини кенгайтириб, аҳоли кўп туманларга олиб бориш, соҳанинг алоҳида генерация қувватларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Жорий йилда яна юзлаб вагонларни қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, кон-металургия корхоналари учун махсус вагонлар қуриш, кенг купели янги турларни ўзлаштириш кўзда тутилган. 

Шу ерда заводда режалаштирилаётган янги йўналиш – электр ва метрополитен поездлари лойиҳаси кўриб чиқилди.

Шунингдек, Тошкент-Хива йўналишига қўйиладиган тезюрар поезд ҳақида ахборот берилди. Президентимиз бу ҳақда 2022 йилда Хоразмда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиш маросимида айтган эди. Бу учун Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан юқори тезликдаги электропоезд олиб келиниши мўлжалланган. 7 вагонга эга электропоезд 351 та ўриндиққа эга бўлади. Соатига 250 километр тезликда ҳаракатлана олади.

Ёйиш

1 мулоҳаза

  1. Sara xabarlar kanalida шундай хушхабар таркалди:.Тошкентдан Хоразмгача 4 соатлик йўл, энди нонуштани Тошкентда қилиб, Обедни Хоразмда қилса бўлади.Тошкент—Хива йўналишига тезюрар поезд қўйилади, У соатига 250 км тезликда ҳаракатлана олади. Бунинг учун Жанубий Кореянинг Ҳюндаи Ротем компаниясидан юқори тезликдаги электропоезд харид қилинади. 7 вагонга эга поезд 351 ўриндиққа эга бўлади.
    Албатта, бу йўналиш ўз фаолиятини бошласа, йўловчиларнинг оғирини енгил қилиш билан бирга туризмни ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшади.
    Хушхабарлар бардавом бўлсин…

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.